Лоланинг тарихий ватани Марказий Осиё экани тасдиқланди
Халқаро олимлар гуруҳи лолаларнинг келиб чиқиши ва эволюциясини ўрганишга қаратилган тарихдаги энг йирик тадқиқотни тақдим этди. Унда лолаларнинг тарихий ватани Марказий Осиё экани тасдиқланди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Тян-Шан ва Помир-Олой тоғ тизимлари замонавий лола турларининг аксарияти пайдо бўлган ва кейинчалик хилма-хиллашган ҳудуд ҳисобланади.
Тадқиқот натижалари American Journal of Botany журналида эълон қилинди. Олимлар лоланинг 254 та намунасига тегишли пластид геномларини таҳлил қилишди. Бу Tulipa туркумига маълум бўлган барча турларнинг қарийб 86 фоизини қамраб олади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, мазкур иш лолаларнинг филогеномикаси бўйича ҳозиргача ўтказилган энг кенг қамровли тадқиқотдир. Унда тўпланган маълумотлар ҳажми аввалги барча тадқиқотлардагидан қарийб икки баравар кўп.
Материалларнинг салмоқли қисми 2019–2021 йилларда Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркия ва Косовода ўтказилган халқаро экспедициялар давомида тўпланган. Тадқиқотлар миллий фан академиялари, ботаника боғлари ҳамда халқаро табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти Fauna & Flora билан ҳамкорликда олиб борилган. Экспедициялар давомида йиғилган намуналар Евросиёдаги йирик ботаника боғлари ва гербарийларида сақланаётган материаллар билан тўлдирилган.
Тадқиқот натижаларига кўра, ҳозирги лолаларнинг умумий аждоди тахминан 32,5 миллион йил аввал Марказий Осиёда пайдо бўлган. Алоҳида турларга ажралиб бориш жараёни қарийб 22,8 миллион йил аввал бошланган. Бироқ янги турларнинг энг жадал шаклланиши анча кейин, сўнгги 9 миллион йил давомида юз берган.
Олимлар бу жараённи Тян-Шан ва Помир-Олой тоғларининг жадал кўтарилиши, шунингдек, иқлимнинг аста-секин қуриб бориши билан боғламоқда. Бу жараёнлар кўплаб бир-биридан ажралган тоғ водийларининг шаклланишига олиб келган. Янги лола турлари ҳам ана шу алоҳида тоғ ҳудудларида пайдо бўлган.
Тадқиқотчилар ҳисоб-китобига кўра, ҳозир мавжуд лола турларининг қарийб 92 фоизи сўнгги 5 миллион йил ичида пайдо бўлган. Шу жиҳатдан, эволюцион нуқтаи назардан лолалар гуллайдиган ўсимликларнинг нисбатан ёш гуруҳларидан бири ҳисобланади.
Тадқиқот Tulipa туркуми таснифини ҳам сезиларли даражада қайта кўриб чиқиш имконини берди. Илк бор Eduardoregelia деб аталувчи бешинчи кенжа туркум расман тавсифланди. Унга Tulipa heterophylla тури киритилган.
Шу билан бирга, олимлар лолаларни анъанавий секцияларга ажратиш тизими уларнинг ҳақиқий эволюцион қариндошлик алоқаларини энди тўлиқ акс эттирмаслиги ҳақида хулосага келди. Унинг ўрнига генетик маълумотларга асосланган замонавий тасниф тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, тадқиқот лолаларнинг бир қатор турлари мақомини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Илгари бошқа ўсимликларнинг навлари деб ҳисобланган айрим лолалар яна мустақил тур мақомини олиши мумкин. Айрим номлар эса, аксинча, битта тур доирасида бирлаштирилиши эҳтимол.
Муаллифлар ботаника боғлари, гербарийлар ва электрон маълумотлар базаларида ёввойи лолаларни аниқлашда хатолар кенг тарқалганини ҳам таъкидлаган.
Тадқиқотчилар маданий навларнинг келиб чиқишига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Генетик таҳлилга кўра, дастлабки боғ лолаларининг энг яқин ёввойи қариндошлари Tulipa suaveolens (Шренк лоласи) ва Tulipa scardica ҳисобланади.
Шу билан бирга, Шренк лоласи XVI аср охиридан бери Нидерландияда етиштириб келинаётган Европанинг энг қадимий навларидан бири — Duc van Tolга генетик жиҳатдан энг яқин тур бўлиб чиққан.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, олинган натижалар нафақат илмий, балки амалий аҳамиятга ҳам эга. ДНК маълумотларига асосланган замонавий тасниф камёб турларнинг ҳолатини холис баҳолаш, Қизил китобларни тайёрлаш ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича самарали дастурларни ишлаб чиқиш учун зарур.
Тадқиқот гуруҳи маълумотига кўра, иш натижаларидан Марказий Осиёдаги ёввойи лолаларнинг муҳофаза мақомини баҳолашда аллақачон фойдаланилмоқда.
Олимлар Марказий Осиё ҳанузгача лолалар хилма-хиллигининг дунёдаги асосий маркази бўлиб қолаётганини ҳам таъкидлаган. Бу ўсимликлар Ғарбий Хитойдан Шимолий Африка ва Европанинг жанубигача бўлган ҳудудларда кенг тарқалганига қарамай, лола турларининг энг катта қисми айнан Тян-Шан ва Помир-Олой тоғларида жамланган. Туркумнинг янги вакиллари ҳозиргача ҳам аниқланмоқда. Жумладан, 2022 йилда Қирғизистонда лоланинг янги тури — Tulipa toktogulica тавсифланган.
Тадқиқот муаллифларининг фикрича, ёввойи лолалар қор барси каби Марказий Осиё табиатини муҳофаза қилиш рамзларидан бирига айланиши мумкин. Бу нафақат лолаларнинг келиб чиқиш маркази, балки дунёдаги биохилма-хилликнинг энг муҳим ҳудудларидан бири бўлган минтақа тоғ экотизимларини муҳофаза қилишга эътиборни кучайтиришга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter