Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

45 дақиқада 40 нафар ўқувчини қамраб олиш мумкинми?

45 дақиқада 40 нафар ўқувчини қамраб олиш мумкинми?

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимизнинг аксарият умумтаълим мактабларида ҳар бир синфда 30-35 нафардан ўқувчи билим олаётганини кўриш мумкин, марказий ҳудудларда бу кўрсаткич 40-45 нафарга етиб қолган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2017 йилда тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомда синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги белгиланган.

Ушбу Низомга асосан дарс машғулотларининг давомийлиги 45 дақиқа этиб белгиланган. Бу вақт давомида бир синфда 35-40 нафар ўқувчи билан дарсни тўлақонли ўтиб, машғулот давомида барча ўқувчини қамраб олиш қийин кечади. Бундай вазиятда педагог ҳар бир ўқувчи билан индивидуал шуғулланишга, мавзуни батафсил тушунтиришга, мустаҳкамлашга доир машқлар бажартиришга улгурмайди.

Тўғри, кўп нарса педагогнинг салоҳияти ва малакасига боғлиқ. Бироқ кўпсонли ўқувчилар, чегараланган вақт туфайли педагогга боғлиқ бўлмаган ҳолда дарс сифати пасаяди. Ўқувчиларни тинчлантириб, диққатини жамлаш учун ҳам анча вақт кетиб қолади. Ҳар бир ўқувчидан мавзуни сўраб баҳолаш учун 1 дақиқадан вақт ажратганда ҳам камида 30-40 дақиқа кетади. Ҳолбуки, синфдаги иқтидорли ўқувчига қўшимча топшириқ бериш, паст ўзлаштирувчи ўқувчиларга ёрдам бериш лозим. Бундай синфдан билимдон ўқувчи етишиб чиқиши эҳтимоли пасаяди.

Баъзи мактабларда ўқувчиларнинг сони меъёрдан ортиб кетишига сабаб — ота-оналарнинг фарзандини кўпроқ таълим рус тилида олиб бориладиган муассасага беришга интилиши, малакали кадрларнинг марказий ҳудудда эканлиги сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари марказий ҳудудларда дарс машғулотлари 2-3 сменада олиб борилади. Иқтидорли ва паст ўзлаштирувчи ўқувчи билан дарс машғулотидан кейин индивидуал ишлаш учун вақт ва хона муаммо.

Ўқувчи сонини меъёрлаштириш лозим. Психологларнинг таъкидлашича, синфдаги ўқувчилар сони назарияда 25 нафардан ошмаслиги керак, лекин низомда 35 нафар, амалда эса ундан ортиқ. Ушбу муаммони бартараф этиш учун мутасаддилар тегишли чораларни кўришлари лозим. Тўғри, ҳамма нарсага босқичма- босқич эришилади, лекин таълим тизими учун йўқотилган вақт катта зарар бўлиши мумкин.

Феруза Бакирова,
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 14-ИДУМ ўқитувчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг