Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Китоб — қалбни ёритар

Китоб — қалбни ёритар

Самарқанд шаҳридаги 14-таянч мактабида «Китоб — қалбни ёритар» мавзусида китоб тақдимоти ўтказилди.

Китобхонлик инсонни маънавий бойитиб, уни маърифий камолот сари етаклайди. Китоб ўқимаган жамиятнинг келажаги йўқ, китоб ўқимаган бола фикрлашдан тўхтайди. Шу мақсадда 14-таянч мактабида бошланғич синфлар учун китобхонлик кечаси ўтказилди. Тадбирда 4-F синфи ўқувчилари фаол қатнашишди. Мақсадимиз, ўқувчиларни турли гаджетлар таъсиридан китобхонликка қайтариш. Тадбир болажонларда катта қизиқиш уйғотди. Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», деган мақол бор. Болалар ота-онасининг қўлида китоб кўрса, уларда ҳам китобга, мутолаага бўлган қизиқиш, меҳр ошади.

Китоб ёш авлодга таъсир этишнинг энг қулай воситасидир, у дунёқарашига таъсир этади, айниқса, ўқувчи ёшида, яъни унинг шаклланиш даврида алоҳида мавқега эга. Бадиий адабиёт, турли фанларга доир қизиқарли китоблар болалар маънавиятини шакллантиришга асос бўлиб хизмат қилади.

Китобхонлик ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришидагина эмас, умуман шахс сифатида шаклланишида ҳам катта аҳамиятга эга. Ота-она китобдан фойдаланишда айрим омилларга эътибор беришлари лозим.

Ўқувчиларда китоб ўқиш иштиёқини ҳосил қилиш ниҳоятда мураккаб бўлиб, уларнинг китобхонликка бўлган муносабатини белгилайди. Мактабда ўқитувчи, уйда ота-она болада китоб ўқиш кўникмасини ҳосил қилиши керак. Бунда оддийдан мураккабликка, яъни мураккаблиги жиҳатидан нормал, боланинг камолот даражасига мос бўлган китоблар танлаш қўл келади. Шарқ мутафаккирларининг тажрибасига кўра, китобхон (ўқувчи) қайси мавзуга қизиқса шу мавзудаги китобни тақдим қилиш керак. У китоб ўқишга кўникма ҳосил қилгач, аста-секин унга ихтисослашган китоблар тақдим қилиб борилади.

Ёзувчи Худойберган Тўхтабоевнинг шундай гапи бор: «Тараққий этган хорижий мамлакатларда – китобхонлик фан даражасига кўтарилган. Китобхонлик китобни тарғиб қилишгина эмас, балки китоб ўқишни, ўқиладиган китобни танлай олишни, мағзини чақишни, яъни китоб ёрдамида ўзини англашни ўргатиш ҳамдир».

Шаҳноза Эшонқулова, ўқитувчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг