Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Навбат ўқитувчиларга: энди улар ҳам имтиҳон топширмоқда

Навбат ўқитувчиларга: энди улар ҳам имтиҳон топширмоқда

Сирдарё вилояти халқ таълими бошқарув органлари ходимлари, методистлар ва мактаб ўқитувчиларининг менежерлик, тегишли фан ва давлат тили бўйича билимларини аниқлаш мақсадида тест синовларига старт берилган.

Тест синовлари Гулистон шаҳрининг Алпомиш спорт мажмуасида график асосида 3 сменада ўтказилмоқда. Ҳар бир сменага 600 ўқитувчи қамраб олинган.

Тест синовларининг таълим-тарбия жараёнига халал бермаслиги учун Халқ таълими вазирлиги ва Давлат тест маркази томонидан ўқитувчиларни метод кунларида синовларга жалб қилиш бўйича график ишлаб чиқилган.

Ҳозирги кунга келиб тест жараёнларида математика, информатика, иқтисодий билим асослари ўқитувчилари ва методистлари иштирок этишган.

Ўқитувчилар 30 та ўз мутахассислигига яқин бўлган фандан ва 20 та давлат тили, жами 50 та тестни икки соат мобайнида ечиши керак.

Тест синовларини жорий йилнинг 13 октябрь куни якунлаш ва ушбу жараёнга Сирдарё вилояти халқ таълими тизимида фаолият юритаётган 12500 дан ортиқ ўқитувчи ва ходимларни барчасини қамраб олиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, фан методистлари, мактаб директорлари ва ўринбосарлари ҳамда ўқитувчиларнинг ижодкорликка, янгиликларга ҳамда ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундаш мақсадида иншо ёзишлари режалаштирилган.

Фан методистлари жорий йилнинг 10-12 октябрь кунлари, директор ўринбосарлари ва барча ўқитувчилар ўзлари фаолият кўрсатаётган таълим муассасаларида дарсдан кейинги вақтларда иншо ёзишади.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида фаолият юритаётган халқ таълими тизими ходимларини ҳам босқичма-босқич тест синовларидан ўтказиш режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг