Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўнинчи ва ўн биринчи синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитилади

Ўнинчи ва ўн биринчи синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитилади

Фото: Халқ таълими вазирлиги

2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, тажриба сифатида 10-11-синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланади. Тажриба синов 2019-2020 ўқув йили якунига қадар ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири буйруғи билан 2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режалар тажриба-синовдан ўтказилади.

Вариатив ўқув режаларини жорий қилишдан мақсад ўқувчиларнинг ўзлари қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришини таъминлаш ва юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрий бўлиб, мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади.

Қуйидаги ҳолларда умумий ўрта таълим мактабларида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа жорий қилинишига йўл қўйилмайди:

— ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналардан норозичилик бўлса;
— умумий ўрта таълим мактаблари вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа асосида ўқитиладиган синфга тегишли фандан дарс бериш учун етарли малака ва тажрибага эга ўқитувчи билан таъминланмаган бўлса.

Танлов синфи йўналиши 10, 11 синфлар кесимида ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказиш орқали аниқланади. Бунда бир нафар ўқувчи фақат битта йўналишни танлайди.

Ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказиш ва натижасини умумлаштириш учун мактабда танлов комиссияси тузилади. Комиссия таркибига мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, психолог, фан метод бирлашма раҳбари ва ота-оналар қўмитаси раиси киритилади. Шу билан бирга, танлов комиссияси аъзолари таркибига ўқувчиларнинг ота-оналари ва тегишли йўналишдаги фан ўқитувчилари киритилишига йўл қўйилмайди (ота-оналар қўмитаси раиси ва фан метод бирлашма раҳбари бундан мустасно).

Сўровномани ўтказиш ва натижаларини умумлаштириш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ушбу жараёнларда мактабнинг Кузатув кенгаши аъзолари кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

Сўровнома натижасида тегишли танлов синфида ўқишни хоҳлаган ўқувчилар сони 35 нафардан ошиб кетса, бундай ҳолда ўқувчилар мактаб томонидан ташкил этиладиган тегишли фан бўйича синов натижалари асосида танлов синфига қабул қилинади.

Агарда танлов синфида ўқишни хоҳлаган ўқувчилар сони 35 нафардан ортиқ бўлмаса, бундай ҳолда ўқувчилар танлов синфига синовсиз қабул қилинади.

Танлов синфини ташкил этиш учун қуйидаги йўналишлар тавсия этилади:

биринчи йўналиш: хорижий тил ва филология йўналиши;

иккинчи йўналиш: молия – иқтисод йўналиши;

учинчи йўналиш: технология йўналиши;

тўртинчи йўналиш: табиий фанлар йўналиши;

бешинчи йўналиш: ижтимоий-гуманитар йўналиш.

Педагогика кенгаши қарори билан тасдиқланган танлов синфи йўналишидан келиб чиқиб, тегишли фан методика бирлашмаси ва директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан танлов синфининг ўқув режаси тузилади.

Танлов синфи учун вариатив ўқув режани тузишда 2019-2020 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада 10-11-синфларга ажратилган умумий дарс соатлари миқдори асос қилиб олинади. Бунда ҳафталик умумий соатлар миқдори 10-синфда 30 соатни, 11-синфда 31 соатни ташкил этади.

Вариатив ўқув режаларининг жорий этилиши натижасида 10 ва 11-синфларда ўқувчилар ўқийдиган мажбурий фанлар сони 15 тадан 8 тага камаяди. Мазкур ўқув режасини тажриба-синовдан ўтказиш жараёнида она тили ва адабиёти, ўзбек тили/рус тили, чет тили, тарих, математика, информатика, маънавият асослари (тарбия), жисмоний тарбия фанлари мажбурий ўқитилади.

Мазкур мажбурий фанларга ажратилган соатларнинг миқдори таянч ўқув режада белгиланган миқдордан (10-синфда жами 19 соатдан, 11-синфда 19,5 соатдан) кам бўлмаслиги лозим.

Ўқувчилар томонидан танланган йўналишга оид фанлар танлов фанлари ҳисобланади. Танлов синфида мажбурий фанлар билан бирга танлов фанлари ҳам ўқитилади ва танлов фанлари учун ҳафтада 10-синфда жами 11 соат, 11-синфда 11,5 соат ажратилади. Танлов фанларига 2019-2020 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада 10-11-синф учун белгиланган барча фанлар киради.

Мажбурий фанлар танлов фани сифатида ҳам танланиши мумкин. Бунда мажбурий фанга таянч ўқув режада ажратилган соатга қўшимча равишда танлов фани учун ажратилган соат қўшиб ўқитилади.

Танлов фанларига бошқа фанлар ҳисобидан ажратиладиган қўшимча соатларни ўтишда фанларнинг бўлиб ўқитилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, танлов фани сифатида танланган мажбурий фанлар: “Чет тили”, “Информатика ва ахборот технологиялари”, “Жисмоний тарбия”, таълим тили ўзбек тили бўлмаган умумий ўрта таълим мактабида “Ўзбек тили” ҳамда таълим тили рус тили бўлмаган умумий ўрта таълим мактабларида “Рус тили” фанлари икки гуруҳга бўлиб ўқитилишига йўл қўйилмайди (мазкур фанларга таянч ўқув режада ажратилган соатлар бундан мустасно).

Танлов синфида танлов фанлари учун ажратилган соатларни йўналишлар бўйича тегишли фанлар учун қуйидагича тақсимлаш тавсия этилади:

Хорижий тил ва филология йўналишида: 10-синфда «Чет тили» фани 5 соат, «Она тили ва адабиёти» фани 6 соат, 11-синфда «Чет тили» фани 5,5 соат, «Она тили ва адабиёти» фани 6 соат ўқитилиши мумкин;

Молия – иқтисод йўналишида: 10-синфда «Математика» фани 6 соат, «Чет тили» фани 5 соат, 11-синфда «Математика» фани 5,5 соат, «Чет тили» фани 6 соат ўқитилиши мумкин;

Технология йўналишида: 10-синфда «Математика» фани 4 соат, «Физика» фани 7 соат, 11-синфда «Математика» фани 4,5 соат, «Физика» фани 7 соат ўқитилиши мумкин;

Табиий фанлар йўналишида: 10-синфда «Биология» фани 5 соат, «Кимё» фани 6 соат, 11-синфда «Биология» фани 5,5 соат, «Кимё» фани 6 соат ўқитилиши мумкин;

Гуманитар йўналишида: 10-синфда «Тарих» фани 5 соат, «Она тили ва адабиёти» фани 6 соат, 11-синфда «Тарих» фани 5 соат, «Она тили ва адабиёти» фани 6,5 соат ўқитилиши мумкин.

Танлов фани бўйича қўшимча ажратилган соатларда қуйидагилар амалга оширилади:

ўқувчиларга фанларни чуқур ўргатиш ва тегишли мавзуларга доир қўшимча маълумотлар бериш;

ўқувчилар билимини мустаҳкамлаш ва мавзуларни тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлаш;

«Khan Academy O‘zbek – Onlayn ta’lim platformasi» таълим ресурсларидан фойдаланиш;

қўшимча адабиётлардан мисол ва масалалар, тестлар (ДТМ сайтидаги намунавий тестлар) ечиш;

олий таълим муассасалари ўқитувчиларини жалб қилиш;

ўқувчиларни олий таълим муассасаларининг кириш имтиҳонларига тайёрлаш.

Танлов фанларини чуқур ўргатишда дарсликлардан ташқари, қўшимча адабиёт ва манбалардан фойдаланиш мумкин. Бунда муаллифлик ўқув дастурларидан амалиётда фойдаланишга Республика таълим маркази томонидан экспертизадан ўтказилган тақдирда рухсат этилади.

«Вариатив ўқув режалари ҳозирда тажриба сифатида жорий этилмоқда. Янги тизим ўқувчиларга мактабнинг ўзида олий таълим муассасасига кириш имтиҳонига тайёрланиши учун имконият яратиб, репетиторга эҳтиёжини камайтиради. Шунингдек, ўқувчиларнинг вақти тежалади. Натижада, ота-оналарнинг репетиторга сарфлаётган маблағи тежалиб, кам таъминланган оила фарзандлари учун ҳам OTMга бепул тайёргарлик кўришга имкон яратилади», — деди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг