ОТМларда қолган бўш ўрин рўйхати эълон қилинди
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим ташкилотларида умумий қабул параметрлари доирасида қолган бўш ўринлар рўйхатини эълон қилди.
Вакант ўринлар сони 31 833 тани ташкил этган. Улар бакалавриатнинг кундузги, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича тақсимланган.
Рўйхатда ОТМлар, таълим йўналишлари, таълим шакли, таълим тили кесимидаги бўш ўринлар ҳамда тегишли фанлар мажмуаси кўрсатилган.
Бу ўринларга кириш имтиҳонида қатнашиб, камида 56,7 балл тўплаган, аммо талаба бўлиш учун тавсия этилмаган абитуриентлар даъво қилиши мумкин.
Қўшимча танловда, шунингдек, рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида ОТМ ва бакалавриат йўналишини танламаган абитуриентлар ҳам иштирок этиши мумкин.
Қўшимча танлов учун рўйхатдан ўтиш 22 августда бошланган ва 28 август куни ҳам давом этади. Танлов базавий тўлов-контракт асосида ўтказилади. Талабгорлар бўш ўринларга тўплаган баллари юқорилиги тартибида, яъни рейтинг кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда тавсия этилади.
Қўшимча танлов якунлангач, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тегишли танлов қайдномаларини шакллантириб, уларни олий таълим ташкилотларига тақдим этади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter