Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонлик олима Жанубий Кореяда олтин медаль билан тақдирланди

Ўзбекистонлик олима Жанубий Кореяда олтин медаль билан тақдирланди

Корея Ихтирочи аёллари ассоциацияси (KWIA), Корея Интеллектуал мулк идораси (KIPO) ва Халқаро Интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан 20 июндан 25 июнга қадар Жанубий Кореяда XII Корея Халқаро Ихтирочи Аёллар Кўргазмаси – KIWIE 2019 ўтказилди.

Халқаро кўргазма ихтирочи аёлларнинг фан ва технология соҳасида эришаётган ютуқлари, тажрибалари ва яратган янги технологияларини ўрганиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказилиб келинади. KIWIE 2019 кўргазмасида 30 дан зиёд давлатдан 400 нафардан ортиқ ихтирочи хотин-қизлар техника, технология, тиббиёт, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва саноатнинг турли йўналишлари бўйича ўз ихтиролари ҳамда инновацион ишланмалари билан қатнашишди.

Ушбу нуфузли кўргазмада, Ўзбекистон делегацияси аъзоларидан ЎзР ФА Геномика ва биоинформатика маркази катта илмий ходими, кимё фанлари номзоди Хуршида Убайдуллаева марказ олимлари билан ҳамкорликда ген-нокаут технологияси асосида яратилган тезпишар, юқори ҳосилдорликка эга, узун ва сифатли толали, қурғоқчиликка чидамли «Порлоқ-1», «Порлоқ-2» навларига олинган патенти билан қатнашди ва ушбу илмий ишланма юзасидан тақдимот берди. Бу эса халқаро экспертлар томонидан ўрганилди ва Корея Ихтирочи аёллари Ассоциацияси Президенти Мюнг-Хе Ён томонидан муносиб баҳоланиб, олтин медаль билан тақдирланди.

Хуршида Убайдуллаева Геномика ва биоинформатика маркази жамоаси билан биргаликда дунёда биринчилардан бўлиб ген-нокаут технологиясини пахтада қўллаб, унинг натижасида тезпишар, юқори ҳосилдор, узун ва сифатли толали, қурғоқчиликка чидамли «Порлоқ» навлари мажмуасининг (Порлоқ-1, Порлоқ-2, Порлоқ-3 ва Порлоқ-4) яратилишида ўзининг ҳиссасини қўшди. Ушбу технология натижасида, дунёда пахтачилик соҳаси амалиётида биринчилардан бўлиб, ўрта толали пахтадан, юқори сифатли I – IIсинфли тола олишга эришилди.

Агар Ўзбекистонда ҳар йили 1 млн.тоннадан ортиқ тола ишлаб чиқарилишини инобатга олсак, пахта толаси узунлигининг ҳар 1мм.га оширилиши унга қўшимча 25 цент нарх қўшади, бу билан эса 1 млн.тонна тола учун унинг узунлиги ҳисобига қўшимча 250 млн.АҚШ доллар миқдорида даромад келади. Бундан ташқари пахта дала майдонини кенгайтирмаган ҳолда ген-нокаут навларининг юқори ҳосили эвазига, ер ресурсларини тежаш, сув сарфини камайтириш, турли заҳарли пестицид, инсектицидлардан фойдаланиш ва минерал ўғитлар салмоғини камайтиришга эришиш имконини беради.

Яратилган ғўза навлари Порлоқ-1, Порлоқ-2, Порлоқ-3 ва Порлоқ-4 бир қанча устунликларга эга бўлиши билан бир вақтда, унинг чигитидан ажратиб олинган ёғ инсон ҳаётига мутлақо зарарсиз эканлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария, гигиена ва касалликлар профилактикаси институти илмий ходимлари томонидан текширилиб, тасдиқланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг