Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент «Янги Ўзбекистон» университетига ташриф буюрди

Президент «Янги Ўзбекистон» университетига ташриф буюрди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетига ташриф буюриб, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва келгуси режаларга бағишланган кўргазма билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Дастлаб таълимнинг узвийлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва режалар тақдим этилди. «Мактабгача таълим», «Мактаб таълими», «Иқтидорли мактаб ўқувчилари», «Профессионал таълим» ва «Олий таълим» павильонларида таълимнинг турли босқичларидаги ислоҳотлар намойиш қилинди.

Тақдимотда боланинг илк ёшидан бошлаб касб эгаллашига қадар бўлган таълим жараёнидаги ўзгаришлар акс эттирилган.

Президент университетнинг ўқув ва илмий инфратузилмаси билан ҳам танишди. «Келажак муҳандислари» майдони, «Bloomberg» лабораторияси, физика ўқув лабораторияси, муҳандислик фанлари ўқув зали ва «Apple Training Center»да талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида ахборот берилди.

Шунингдек, «Idrock» сунъий интеллект кластери, биотехнология ва биоинформатика лабораторияси, материалшунослик, лазер ва нанотехнологиялар ҳамда «ADM» машинасозлик лабораториялари фаолияти намойиш этилди.

Бу инфратузилмалар талабаларнинг назарий билимларини амалий машғулотлар, илмий тадқиқотлар ва лойиҳалар билан боғлашга қаратилган.

Ташриф давомида давлат раҳбари университет профессор-ўқитувчилари, талабалари ҳамда халқаро таълим дастурларини жорий этишда ҳамкорлик қилаётган хорижлик ҳамкорлар билан суҳбатлашди.

Учрашувларда таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва замонавий ўқув муҳитини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Президент, шунингдек, фаол ва ташаббускор ўқитувчи ҳамда мураббийлар билан эсдалик учун суратга тушди.

Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг кейинги босқичида замонавий кўникмалар, ахборот технологиялари ва мустақил фикрлашга эътибор кучайтирилаётгани расмий тақдимотларда ҳам қайд этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг