Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда Ўзбек–Турк университети очилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас...

Тошкентда Ўзбек–Турк университети очилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас...

Туркия элчиси Олган Бекар, кенгаш раиси Эрол Ўзвар ҳамда вазир Абдуқодир Тошқулов.

Фото: AA

Тошкентда Ўзбек–Турк университети очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда 24 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистон–Туркия: таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи» мавзусидаги халқаро анжуманда маълум қилинди. Ушбу келишувга 2020 йил август ойида Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Анқарага ташрифи чоғи эришилган эди.

«Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбек–Турк университетини ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Бу – икки давлат раҳбарларининг ташаббусидир. Туркия ва Ўзбекистоннинг олий таълим бўйича ҳамкорлигида янги уфқлар очилмоқда», – дейди  Туркия олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар.

Э.Ўзвар Туркия кейинги йилларда олий таълим соҳасида катта ютуқларга эришаётганини таъкидлаб, қардош ўлкада 2500 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил кўраётганини маълум қилди.

Мамлакатимиз олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов туркиялик меҳмоннинг фикрларини қўллаб-қувватлади. Қайд этилишича, Ўзбекистонда Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Англия каби мамлакатларнинг университет ҳамда филиаллари фаолият юритмоқда. Бу борада Туркия олий таълим муассасалари билан ҳам яқин ҳамкорликка эҳтиёж кучли. Вазир А.Тошқулов Ўзбек–Турк университетини ташкил этиш билан боғлиқ ишлар қисқа муддатда ҳал этилиши ва амалий қадамлар ташланишига ишонч билдирди.

ЎзА хабарига кўра, тадбирда ўзбекистонлик талабаларнинг Туркия олий ўқув юртларида таълим олиши учун грант ажратиш, таълим ташкилотлари ўртасида қишлоқ хўжалиги, техника ва муҳандислик соҳалари учун кадрлар тайёрлаш, математика, физика, кимё, геология каби йўналишларда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Икки давлат ўртасида олий таълим бўйича ҳамкорлик биргина университетининг ташкил этилиши билан чекланмаётир. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Туркия олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар ўртасидаги музокарада қайд этилишича, томонлар бошқа катта режаларни ҳам кўзламоқда. Жумладан, мамлакатимизда Туркия етакчи таълим муассасаларининг муҳандислик, санъат, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва туризм каби соҳаларда янги филиалларини ташкил қилиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 2019 йил октябрь ойида Бухоро давлат тиббиёт институти қошида Туркия тиббиёт фанлари университети (SBÜ) факультети ва малакали тиббий хизматлар олий мактаби очилган эди.

Тиббиёт фанлари университети нуфузли олий ўқув юртларидан бири саналади. Университет 1903 йилда Усмонийлар султони Абдулҳамид II фармонига кўра очилган тиббиёт билим юрти базасида ташкил этилган.  Бир асрдан зиёд тарихга эга номдор университет эндиликда Ўзбекистонда ҳам малакали кадрлар тайёрлашда қатнашмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг