Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Электрон ҳукумат: Ўзбекистоннинг халқаро рейтингини кўтариш масалалари муҳокама қилинди (видео)

Электрон ҳукумат: Ўзбекистоннинг халқаро рейтингини кўтариш масалалари муҳокама қилинди (видео)

Бугун, 15 апрель куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан «Электрон ҳукуматни ривожлантириш кўрсаткичлари ва методологияси таҳлили асосида Ўзбекистоннинг халқаро рейтингини кўтариш» мавзусида илмий семинар бўлиб ўтди.

Унда Президентимизнинг 2020 йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 9 мартдаги топшириғи ижролари бўйича амалга оширилаётган ишлар ва натижалар кўриб чиқилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори в.б. Музаффар Жалолов ва бошқалар иштирок этиб, мавзу юзасидан ўз фикрларини билдиришди.

Мазкур илмий семинарга халқаро экспертлар ҳам жалб этилган бўлиб, БМТнинг халқаро индекслар кўрсаткичи асосида турли мамлакатларнинг электрон ҳукумат тизимини баҳолаш методологияси, бу борадаги халқаро тажриба ва Ўзбекистон Республикасида электрон ҳукуматни ривожлантириш юзасидан долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, Эстония Электрон бошқарув академияси ижрочи директори Асток Ханнес томонидан ўқилган маъруза кўпчилик томонидан илиқ кутиб олинди.

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази масъул ходими Бахтиёр Угламовнинг Ўзбекистонда Электрон ҳукуматни ривожлантириш ҳамда рақамлаштириш даражасини рейтингли баҳолаш тўғрисидаги чиқиши мавжуд вазиятни тўлиқ таҳлил қилиш имкониятини берди. 

Шунингдек, семинарда Эстония электрон ҳукумати тизимининг экотизими ва ривожланиш сабоқлари, БМТнинг давлатлар Е-ҳукуматлари ривожланишини баҳолаш бўйича методологияси, хорижий мамлакатларда Е-ҳукумат ривожланиши тажрибасини ўрганиш натижалари мавзуларида маърузалар тингланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиётни тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакат ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Ахборот коммуникация технологиялари тараққий этган сари ҳаётимизни қулайликлар билан бойитиш мақсадида тақдим этилаётган ишончли имкониятлардан бири бу «Электрон ҳукумат» тизимининг жорий қилинишидан. Маълумки, «Электрон ҳукумат» жаҳон амалиётида ўз афзалликларини аллақачон кўрсата олган тизим ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг