Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энг яхши инвестиция нимада? Келажакка хизмат қилажак уч лойиҳа ҳақида

Энг яхши инвестиция нимада? Келажакка хизмат қилажак уч лойиҳа ҳақида

Фото: Xabar.uz

Аввалги архитектура институти биносини, очиғини айтганда, кимгадир кўрсатишга ҳам тортинарди одам. Ҳа, шаҳар марказида, тўғри, бу ердан исталган жойга тезда етиб олиш мумкин. Аммо бино...

Замонавий иншоотлар бешиги бўлишга даъвогар институт бу қадар туссиз бинода жойлашгани ғалатироқ туюларди.

Ўзбекистонда ҳамма нарса тезликда ўзгармоқда. Архитектура-қурилиш институти ҳам шунга монанд янги бинога кўчадиган бўлиб турибди. Энди институт 5 қаватли иккита ўқув корпуси, 8 қаватли маъмурий бино ва 4 қаватли ётоқхонадан иборат мажмуада жойлашади. Энг муҳими — ўқув дастурига «ақлли» уйлар, шаҳар инфратузилмасини лойиҳалаш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги, иншоотлар зилзилабардошлиги каби янги йўналишлар киритилади.


Мажмуа қурилиши ҳали давом этмоқда. Аммо шу туришда ҳам аввалгиси билан таққосласа бўлади. Фарқ эса ер билан осмонча.

Гарчи битмаган бўлса ҳам...

***

Ўзбекистон заминида йўқ бойликнинг ўзи йўқ. Бу гапни ҳаммамиз эшитганмиз. Дарҳақиқат, Менделеевнинг кимёвий элементлар даврий жадвалида келтирилган деярли барча нарса бизда бор. Борликка бор, аммо ундан қанчалик фойдалана оляпмиз? Мана шуниси масала.


Пойтахтда шу масалани ҳал қилиш учун Геология фанлари университети қурилмоқда.

Янги муассасанинг Ўзбекистон фани ривожида тутадиган ўрни шундаки, бу ерда нафақат назариёт, балки амалиёт билан шуғулланиш мумкин бўлади. Умуман, минтақа тарихида бунақаси бўлмаган ҳали — университет фаолияти кампус шаклида олиб борилади. Профессор, ўқитувчи ва талабалар шу ернинг ўзида яшайди, ўқийди, тадқиқот олиб боради, ишлайди ҳамда дам олади.


Истардикки, бу мажмуа ўзимизнинг Оксфорд ва Кембрижимизга айлансин...

***

Ўзбекистон замини дарҳақиқат бой, аммо унинг энг катта бойлиги — меҳнаткаш, уддабурон ва илмда салоҳиятли халқидир. Биз энг аввало мана шу потенциалдан фойдаланишни йўлга қўйишимиз лозим. Тошкент шаҳридаги «IT laboratoriya» комплекси айнан шу мақсад йўлида бунёд этилди.


Бу ерда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари хамда Raqamli avlod дастурчилари қурилиш соҳаси бўйича инновацион ғояларга бой лойиҳалар ишлаб чиқармоқда. Хусусан, қурилиши режалаштирилаётган объектнинг VR дастур ёрдамида 3D макетини ҳосил қилиш, «aqlli uy» лойиҳаси, веб-дизайн йўналиши, имконияти чекланганлар учун сурдо таржимон — «sahiya» дастури, робототехника ва бошқа илғор ғояларни кўриш мумкин.


Apple компаниясининг айни вақтдаги қиймати 2 триллион долларга тенг экан. Ким билади дейсиз, ўзимизнинг «олмачалар» балки айнан шу ердан чиқар...

***

Бу уч лойиҳани боғлаб турувчи жиҳат нима, биласизми? Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев улар билан танишиб чиқди.


— Илм бизнинг қонимизда, генимизда бор. Бу лойиҳа ҳам учинчи Ренессанс пойдеворларидан бири, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Илм-фан ҳар доим давлатнинг қўллаб-қувватлашига боғлиқ бўлган. Қаерда эътибор кучли бўлса, ўша ерда ривожланиш бўлган. Ўзбекистон маълум муддат бу борада тин олган бўлса, олгандир. Аммо энди у даврлар ўтди. Бу ёғига фақат олдинга юриш керак.


Фарзандингизни имкон қадар ўқитинг. Америкалик буюк сиёсатчи Бенжамин Франклин: «Инсон билим олиш учун пул тикар экан, бу билимни ундан ҳеч ким, ҳеч қачон тортиб олмайди. Энг яхши инвестиция — билим олиш учун киритилган инвестициядир», — деган эди.

Сиз ҳам шунга амал қилинг...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг