Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Мақсад фақат рейтингни ўзгартириш эмас» — Шерзод Шерматов

«Мақсад фақат рейтингни ўзгартириш эмас» — Шерзод Шерматов

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 26 ноябр куни ИНҲA университети биносида «Ўзбекистон – Корея электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт ҳамкорлик форуми» бўлиб ўтди.

Анжуманни очиш учун сўзга чиққан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, ҳозирда бутун дунё электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт масалаларини муҳим ўринга қўяётганини таъкидлаб, БМТнинг электрон ҳукумат рейтинги бизга нима учун кераклигига алоҳида тўхталди.

«Мақсад фақат рейтингни ўзгартириш эмас. Рейтинг – бу халқаро тенденцияларда қандай кетаётганимизни кўрсатиб берувчи бир индикатордек гап, яъни унга қараб, аввало, ўзимизга ўзимиз баҳо берамиз, нима иш қилдик, қандай самарадорликка эришдик (Бошқа давлатларнинг бизга баҳо бериши бу яна бир масала).

Лекин шу ўринда дунёда жадал ўсиш давом этаётганлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Агар бошқалар биздан тезроқ ҳаракат қилаётган бўлса, халқаро рейтингда яна пастга тушиб қолишимиз аниқ. Шунинг учун биз янада тезкорроқ бўлишимиз зарур. Бу интилишларимиз натижаси эса аҳолимиз ва тадбиркорларимизга янада сифатлироқ ва янада яхшироқ хизматлар кўрсатишимизда намоён бўлади» – дейди Шерзод Шерматов.

Тадбирда, шунингдек, АКТ вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось, Ўзбекистон—Корея электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт ҳамкорлик маркази раҳбари Ко Тхек-Жин ва бошқа халқаро ҳамкорлар, Электрон ҳукумат ва Рақамли иқтисодиёт марказлари раҳбарлари, тизим ходимлари, шунингдек, давлат органлари ва ҳудудий ташкилотларнинг AКТга масъул мутахассислари иштирок этишди.

Форумда Корея мутахассислари томонидан 2021 йилда электрон ҳукумат соҳасида амалга оширилган ҳамкорлик лойиҳалари натижалари ҳам тақдим этилди. Шу билан бирга икки давлат ўртасида рақамли ҳукумат соҳасида билим ва тажрибалар алмашилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг