Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шерзод Шерматов: «Биз доим изланишда бўлишимиз керак» (видео)

Шерзод Шерматов: «Биз доим изланишда бўлишимиз керак» (видео)

Фото: «Xabar.uz»

31 май куни Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбарияти республикамиздаги 70 дан ортиқ давлат ва хўжалик ташкилотларининг AKT бўлинмалари раҳбарларини «M-Faktor» биносига йиғишди.

АКТ вазирлиги, «Электрон ҳукумат» маркази, «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси, «Киберхавфсизлик» маркази, Давлат статистика қўмитаси ҳамда «M-Faktor» жамоаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу учрашувдан кўзланган асосий мақсад – давлат ташкилотларида электрон ҳукумат ва рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси ҳамда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган тавсиялар, таклиф ва мулоҳазалар асосида мавжуд муаммоларга биргаликда ечим излаш бўлди.

Тадбирни очиш учун сўзга чиққан АКТ вазири Шерзод Шерматов барчани «Инсон қадри учун» тамойили асосида аҳолимиз ва тадбиркорларимизга қўшимча қулайликлар яратиш йўлида ўзаро ҳамкорликда ишлашга чақирди:

«Барчамизнинг олдимизда турган масалалардан, энг муҳими, устувор йўналишни тўғри аниқлаб олишдир.  Бизнинг соҳа шундайки, бир янгиликни қилдим, шунинг ўзи етади деб, тўхтаб қололмаймиз. Рақамлаштириш жараёнлари шунчалар шиддат билан ривожланяптики, бирор соҳага инновация киритсангиз, тадбиркор ва аҳолимиз буни табиий нарсадек, яъни мажбуриятдек қабул қилади. Чунки бу – замон талаби. Жаҳондаги етакчи давлатлар қаторида рақамлаштиришга эришиш учун доимий изланишда бўлишимиз ва янгиликларни жорий этишимиз лозим. Шу сабабли бугунги учрашувимиз барчангиз учун фойдали бўлади деган умиддаман...»

Ўзаро эркин мулоқот давомида «Рақамли Ўзбекистон – 2030» доирасида амалга оширилаётган ишлар, давлат хизматларини рақамлаштиришда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Азиз Муҳитдинов зарур тавсиялари билан ўртоқлашди.

«Ҳозирги кунда электрон давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай айрим ҳолларда муаммоларга дуч келиб турибмиз. Барчамизга маълумки, my.gov.uz – аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда фронт офис вазифасини бажаради. У орқали давлат идоралари тизими ва маълумотлар базаси ишга туширилиб, хизматлар юзага келади. Бироқ айрим ҳолларда давлат ташкилотлари базасида маълум ўзгаришлар кузатилса ёки носозликлар юзага келса, аҳолимиз буни my.gov.uz даги хатолик дея қабул қилади. Шу боис ҳозирда ҳар бир давлат органларидан оладиган сервиснинг онлайн мониторинг тизимини ишлаб чиқдик. Бу муаммони тезда аниқлаш ва унинг оператив ечимини тақдим этишга ёрдам беради», – дейди Марказ директори.

Тадбир давомида масъуллар томонидан давлат органларида ўтказилаётган ўрганишларда учраётган асосий муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар бериб ўтилди. Шунингдек, давлат органларида ахборот хавфсизлигини таъминлашда асосий йўл қўйиладиган камчиликлар ва киберхавфсизлик масалалари муҳокама марказида бўлди.

Йиғилганлар қизғин савол-жавобларга бой ва баҳс-мунозарали кечган бугунги учрашувни соҳадаги муаммоларни ўрганишда муҳим деб топиб, бу каби тадбирларни мунтазам ташкиллаштириб бориш ва ўзаро фикр алмашиб туришга келишиб олишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг