Рост билан ёлғоннинг чегараси қаерда?
Замонавий технологиялар, айниқса, сунъий интеллект дастурлари инсоният ҳаётини ақл бовар қилмас даражада ўзгартирмоқда. Биргина СИ воситасида ҳозирланган фотосурат ёки видеолавҳаларни олайлик. Икки томчи сувдек ўхшаш материаллар орасидан қай бири саҳиҳ, қай бири СИ «ижод» маҳсули эканини дафъатан ажратолмайсиз. СИ шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги паллада оқдан қорани, ростдан ёлғонни ажратиш жуда ҳам қийин, таъбир жоиз бўлса, сомон ғарами орасидан игнани қидириш билан баробар.
СИ инсоният оғирини енгил, мушкулини осон қилгани ҳақрост. Айни чоқда, бу техника мўъжизаси одамзодни илгари кузатилмаган муаммоларга ҳам рўбарў этмоқда. Жумладан, журналистика соҳаси янги-янги хатарлар билан юзлашмоқда.
Остона шаҳрида жорий йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган «Рақамли муҳит: сунъий интеллект ва ахборот манипуляцияси замонида онлайн фаолият» мавзусидаги III медиафорумда айни шу каби масалалар муҳокама қилинди. Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги делегацияси Мақсут Нарикбаев номидаги университет билан ҳамкорликда ташкил этган илмий-амалий анжуманда Марказий Осиё давлатларида фаолият юритиб келаётган 100 га яқин экспертлар, журналистлар, фуқаролик жамияти намояндалари ва илмий тадқиқотчилар иштирок этди.
«Искандарнинг шохи бор»
«Nothing2Hide» (Франция) уюшмаси ҳаммуассиси, рақамли хавфсизлик бўйича эксперт Жан-Марк Бургиньон ўз маърузасида ижтимоий тармоқларда дезинформация, яъни ҳақиқатдан йироқ сохта хабарлар урчиб бораётганига эътибор қаратди. Мутахассиснинг қайд этишича, ахборий жамиятда мухолиф фикрларни жиловлаб, блоклаб бўлмайди. Шу боис мухолиф фикрга тоқат қилмайдиган тоифа ўз ҳарифлари, яъни рақибларини дезинформация воситасида обрўсизлантиришга уринмоқда. Албатта, ахборот платформалари орқали нуқул ёлғон тарқатиш ҳам самара бермайди. Шу боис дезинформация усулидан фойдаланаётган тоифа ўз аудиториясига ҳаққоний ахборотга берар экан, ора-чора кишибилмас тарзда сохта маълумотларни (шакар орасида заҳар!) ҳам ёйинлайди.
«Ҳақиқат ковушини кийгунча, ёлғон ярим дунёни кезиб чиқади», дейдилар. Дарҳақиқат, дезинформация нафақат оддий аҳоли, балки оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам чалғитмоқда.
ЮНЕСКО буюртмасига асосан IPSOS халқаро тадқиқот гуруҳи 2023 йилда дезинформация борасида ижтимоий сўров ўтказган эди. Унда 2024 йилда сайлов бўлиб ўтадиган 16 давлатда яшовчи 8 минг респондент қатнашган. Сўровнома иштирокчиларининг 85 фоизи интернетда дезинформация авж олганидан хавотир билдирган, 87 фоизи эса дезинформация аллақачон ўз мамлакати сиёсий ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этган.
Эксперт Жан-Марк Бургиньоннинг фикрича, СИ дастурларидан фойдаланишда тилни тийиш, шахсий маълумотларни ошкор этмаслик ҳам муҳимдир. Искандарнинг шохи борлиги ҳақидаги ривоят кўпчиликка таниш. Жаҳонгир подшоҳнинг шохи борлигидан воқиф бўлиб қолган сартарош бу сирни қудуққа айтади. Қарангки, найга айланган қамиш қалтис сирни етти иқлимга достон қилади. СИ дастурларини ҳам «қудуқ» деб қабул қилиш тўғри эмас. Зеро, уларга эгалик қилаётган ширкатлар фойдаланувчининг маҳрум маълумотларини ғаразли мақсадда истифода этиши эҳтимоли катта.
Ёлғон ахборотга қарши кураш фактчекинг, яъни маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш, таҳқиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Аммо бу борада ҳам бир ёқадан бош чиқариш, кучларни бирлаштириш мақсадга мувофиқдир.
«Дезинформация сарҳадлар оша бутун дунёга ёйилди. Бинобарин, унга қарши курашда ҳам минтақавий тармоқлар, ҳудудий тизим яратиш лозим. Акс ҳолда, ёлғон маълумотлар қаршисида мағлубиятга учрашимиз муқаррар», – дейди Жан-Марк Бургиньон.
Ёлғоннинг умри – қисқа
Тюбинген университети ҳузуридаги Илм-фан ва гуманитар фанларда этика халқаро маркази (Германия) илмий ходими Мария Павелецнинг маърузаси дипфейкларнинг (deepfake) сиёсат ва журналистикага таъсирига бағишланди.
Дипфейк давлат арбоблари, машҳур шахслар, умуман, муайян бир инсонга оид, СИ ёрдамида тайёрланган сохта фото, аудио ва видеоматериал экани маълум.
Дипфейклар замонавий сиёсий иқлимни ўзгартирмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп 2024 йилнинг август ойида, ҳали сайлов кампанияси давом этаётган паллада «Truth Social» платформасида сохта суратни тарқатди. Унда америкалик юлдуз Тейлор Свифт ва унинг мухлислари сайловда гўё Трампни қўллаб-қувватлаши таъкидланади. Трамп «Билса – ҳазил, билмаса – чин» қабилида сохта фотосуратни тарқатгани сабаб юз минглаб сайловчи алдангани аниқ. Кейинроқ хонанда Тейлор Свифт ижтимоий тармоқ орқали фотосурат сохта экани, у аслида сайловда демократик партия вакили Камала Ҳаррисни дастаклашини маълум қилди.
Дипфейклар Ўзбекистон учун ҳам янгилик эмас. Ёдингизда бўлса, жорий йил июнь ойида тармоқларда Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоеванинг мамлакатимиз фуқароларини Россия армиясига ёлланишга чорловчи сохта видеоси тарқалди. Мутахассислар бу оригинал тасвирнинг сунъий интеллект ёрдамида мураккаб тарзда сохталаштирилган шакли эканини ойдинлик киритишди. Аммо бунга қадар жамоатчилик чандон тараддуд ва иштибоҳларга тушди.
Сиёсатшунос ва дипфейк бўйича эксперт Мария Павелец сохта мультимедиа маҳсулотлари журналистларни обрўсизлантириш мақсадида ҳам қўлланаётганини ташвишли ҳол деб баҳолади. Бу борада ҳиндистонлик журналист Рана Айюбнинг касбий кечмишини эсга олиш жоиз.
«The Washington Post» шарҳловчиси бўлган Рана Айюб Ҳиндистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари, миллатчилик каби долзарб муаммолар юзасидан журналист суриштирувлари, таҳлилий-танқидий мақолалар эълон қилган. Шу боис у троллинг (обрўсизлантириш) ва доксинг (шахсий маълумотларнинг оммага тарқатилиши) қурбони бўлган. Жасур журналистни жазолаш учун сиёсий гуруҳлар Рана Айюб акс этган порнографик характердаги сохта материаллар тарқатишган. Тармоқларда журналистнинг телефон рақами ва уй манзили эълон қилинган. Оқибатда Рана Айюбнинг шаъни, қадр-қиммати поймол этилган, ҳаёти хавф остида қолган. 2019 йилда рўй берган ва ҳозирга қадар давом этаётган Рана Айюб кейси дипфейклар ОАВ эркинлиги, журналистлар дахлсизлиги борасида қанчалар кучли хатар эканини яна бир карра тасдиқлайди.
Эксперт Мария Павелец ушбу хатарнок тенденция журналистлар орасида қўрқув ва ўз-ўзини цензура қилиш кучайишига олиб келишидан огоҳлантиради. Бироқ ОАВ ходимлари ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғон ва ўтрикларни юзага чиқаришда собит бўлмоғи шарт. Чунки ёлғон узоққа кетса ҳам ҳақиқат барибир уни қувиб етади.
Девор эмас, тегирмон қурмоқ керак
«Ҳар нечук муяссарият – маҳрумият, ҳар нечук маҳрумият – муяссарият», дейди Жалолиддин Румий. Шу маънода СИ дастурларини ҳам фақат салбий ракурсда тасвирлаш тўғри эмас. Ҳар қанча жиддий муаммоларга доялик қилаётган бўлмасин, СИ «тўртинчи ҳокимият» вакилларига яқин кўмакдош экани ҳам айни ҳақиқат.
«Ўзгаришлар шамоли эсганда кимдир девор кўтарса, кимдир тегирмон қуради», дейди хитойликлар. Демак, замонавий технологиялардан жамият равнақи йўлида оқилона фойдаланиш давр талабидир.
Халқаро илмий-амалий анжуманда таъкидланганидек, дипфейклар, СИ ёрдамида ҳозирланган сохта маълумотларга қарши самарали курашиш учун қонунчиликни такомиллаштириш, технологик ечимлар таклиф этиш, медиасаводхонлик ва жамиятнинг ҳуқуқий маданияти юксалтириш, фактчекинг маданиятини ошириш, СИ бўйича ахлоқ кодексини ишлаб чиқиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозим.
Британиялик таниқли олим Ричард Сасскинд «Сунъий интeллeкт: уни қандай тушуниш лозим?» деган китобида бундай ёзади: «СИ ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб бурилишлар ясайди. Бинобарин, уни тушунтириш ва муҳокама қилишда янги атамалар, тушунчалар билан қуролланиш мақсадга мувофиқдир. Сунъий интеллектнинг таъсири энди фақат инсон фаолиятини автоматлаштириш билан чекланмайди, у бизнинг яшаш ва ишлаш тарзимизни тубдан ўзгартириши ҳамда ҳозирги жамиятни шакллантирган узоқ йиллик институтлар ва тузилмаларни қайта кўриб чиқишга олиб келиши мумкин. Биз ҳозирча оламшумул эврилишлар оқибатларини баҳолашнинг дастлабки босқичидамиз».
Модомики биз СИ тараққиётининг дастлабки босқичида эканмиз, тараққиётнинг янада кутилмаган «нағма»лари, хатарлари ва имкониятларига тайёр туришимиз керак.
Собир Салим


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter