Иккита телеграм-канал маъмури товламачилик қилгани учун қамалди
«Как-то вот так» ва «Политбуро 3.0» телеграм-каналлари маъмури Анатолий Спирин «Ростех» корпорациясининг махсус топшириқлари бўйича директорига нисбатан товламачилик қилишда айбдор деб топилди. Суд уни икки ярим йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар бермоқда Baza телеграм-канали.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, Спирин мансабдор шахслар ва ишбилармонлар ҳақида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилган ва сўнгра уларни ўчириб юбориш учун пул талаб қилган. Хусусан, у мазкур жиноят иши жабрланувчиларидан бири «Ростех» директори Василий Бровкодан 150 минг рубл талаб қилган. Тергов давомида Спирин товламачилик орқали 18 миллион рубл ишлаб топгани аниқланган.
Маълум бўлишича, Анатолий Спирин Василий Бровко ва унинг рафиқаси Тина Канделаки ҳақида учта пост чиқарган. Шундан сўнг Боровко воситачилар орқали Спиринга алоқага чиқиб, у эълон қилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, уларни ўчириш ва бундан кейин ушбу шахслар ҳақидаги салбий хабарлар чиқармасликни сўрайди.
Телеграм-канал маъмури салбий хабарларни эълон қилмаслик нархи 20 минг, постларни ўчириш эса 150 минг эканини маълум қилган. Пул тўлангач, постлар ўчирилган.
Бровконинг вакили ва Спирин ўртасидаги ёзишма ёзнинг бошида, 6-7 июнь кунлари бўлиб ўтган бўлса-да, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариўа тўрт ойдан кейин, сентябрь ойининг охирида топширилгани айтилмоқда.
Василий Бровко ва телеграм-каналлари маъмурлари ўртасидаги жанг шу билан тугамайдиган кўринади. «Ростех»нинг ТОП-менежерининг аризасига кўра яна бир нечта жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.
Суд «Проект Сканер» ва «Riddle» телеграм-каналлари маъмурларига нисбатан аллақачон ҳукм чиқарган: 3 кишига 8 йил қамоқ жазоси берилди. «Тушите свет» телеграм-канали вакилларига қарши яна бир иш судда кўриб чиқилмоқда.
30 ноябрь куни бир қанча телеграм-каналларда турли постлар эълон қилиб, уларни ўчириш эвазига пул талаб қилиб келган йирик PR-агентликлари раҳбарлари ва уларнинг ҳамкорлари қўлга олингани ҳақида хабар тарқалди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter