Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Афғонлар «Ўзбекистон темир йўллари»ни келишувни бузганликда айбламоқда

Афғонлар «Ўзбекистон темир йўллари»ни келишувни бузганликда айбламоқда

Афғонистон темир йўл бошқармаси (ARA) расмийлари «Ўзбекистон темир йўллари»ни Ҳайратон ва Мозори Шариф ўртасидаги темир йўлнинг техник масалалари бўйича янги келишувни бузганликда айбламоқда.

ARA раҳбари Бахт-ур-Раҳмон Шарафат Ariana News нашрига берган интервьюсида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ темир йўл алоқасини бошқариш учун 16 нафар ўзбекистонлик иш билан таъминланишига келишиб олганини, аммо ҳозирда 65 кишини иш билан таъминлашни талаб қилаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, келишувга кўра, Ўзбекистон 1 феврал куни техник ишларни Қозоғистон компаниясига топшириши керак эди, бироқ «Ўзбекистон темир йўллари» Ҳайратон порти орқали халқаро юк ташишни тўхтатиб қўйган.

«Ягона муаммо шундаки, биз 16 нафар техник ходимни келишиб олгандик. Бироқ улар бир томонлама шартнома жўнатишди, унда 16 ходим ўрнига 65 нафар ходим қайд этилган ва ҳар бирининг маоши 6000 долларни ташкил этади. Бу жуда катта пул ва биз уни тўлай олмаймиз», – дейди Шарафат.

Мулозим муаммони ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини, Афғонистондан делегация шу мақсадда Ўзбекистонга боришга тайёрлигини таъкидлаган.

Шунингдек, у трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом этаётганини айтди. Бу лойиҳани хорижлик муҳандислар томонидан амалга оширилиши 4,8 миллиард доллар атрофида баҳоланса-да, бироқ темир йўл бошқармаси раҳбари лойиҳани 2,8 миллиард долларга амалга ошириш мумкинлигини таъкидламоқда.

БУ борада ҳозирча «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бирор расмий маълумот бермади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг