Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алла Пугачёва кескин баёнот берди

Алла Пугачёва кескин баёнот берди

Фото: РБК.

Россиялик таниқли хонанда Алла Пугачёва турмуш ўртоғи Максим Галкиннинг хорижий агент деб топилиши ортидан кескин баёнот билан чиқди. Мамлакат адлия вазирлигига мурожаат қилган хонанда уни ҳам хорижий агентлар рўйхатига киритишларини сўраган.

«Мени севимли мамлакатимда хорижий агент деб топишингизни сўрайман. Негаки, мен ҳалол, виждонли, самимий инсон, Россиянинг чинакам ва сотилмас ватанпарвари бўлган турмуш ўртоғим билан ҳамфикрман», – деб баёнот берган мамлакатда катта обрўга эга 73 ёшли А.Пугачёва.

Украина босқини борасида очиқ гапиришдан ўзини тийиб келган таниқли қўшиқчи бу гал урушнинг салбий жиҳатлари хусусида фикр билдирган, хусусан, хомхаёллар сабабли россиялик йигитлар ҳалок бўлаётгани, бу ҳол мамлакатни ёлғизлатиб, фуқаролар ҳаётини мушкуллаштираётганини таъкидлаган.

Аввал хабар берганимиздек, 16 сентябрь куни Россия адлия вазирлиги сўз устаси ва шоумен Максим Галкинни жисмоний шахс сифатида хорижий агентлар рўйхатига киритди.

Россия қонунчилигига кўра, хорижий агент деб топилган ОАВ ва жисмоний шахслар ҳар бир оммавий чиқишида мазкур мақомини кўрсатиши, адлия идорасига даромаду харажатлари юзасидан мунтазам ҳисобот бериши лозим. Бу борадаги талабларни бузган хорижий агентлар рўйхатидаги жисмоний шахс 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

М.Галкин Россия Украинага босқин бошлаганидан бери Исроилда яшаб келмоқда. Сўз устаси кўпдан буён урушни қоралаб баёнотлар бермоқда. Жумладан, у Украинанинг Одесса шаҳридаги тинч аҳоли уйлари Пасха байрами арафасида вайрон этилганини таассуфланарли ҳолат деб баҳолаган ва фожиаларда Россия айбдор эканини таъкидлаган.

Кескин сиёсий фикрлари ортидан М.Галкин миллионлаб даромаддан маҳрум бўлган – Россияда ўтиши режалаштирилган концертлари тақиқланган, реклама шартномалари бекор қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг