АҚШ собиқ президенти Жимми Картер 100 ёшини нишонлади
АҚШ собиқ президенти Жимми Картер 100 ёшини нишонлади ва шу ёшгача яшаган илк Америка президентига айланди.
Жимми Картер ерёнғоқ етиштирувчи фермерлар оиласида 1924 йилнинг 1 октябрида туғилган. Сиёсатга 1960-йилларда Жоржия штати сенатори сифатида кириб келган, 1976 йилда Демократлар партиясидан АҚШ президентлигига номзодини қўйиб, сайловда ғалаба қозонган.
Картер Оқ уйда 1977–1981 йилларда фаолият олиб борди, иккинчи муддатда ўрнини сақлаб қололмади, кейинги сайловда республикачи Роналд Рейганга ютқазди.
Сўнгги 19 ойдан буён Жоржиядаги ҳосписда қўним топганига қарамай, собиқ президент муомала лаёқатини сақлаб қолган, ташрифлардан хурсанд бўлади. Ҳатто ноябрдаги сайловда Камала Ҳаррисга овоз беришга улгуришига ҳам умид қилмоқда.
Жимми Картер 2023 йил ноябрида 96 ёшида вафот этган рафиқаси Розалиннинг дафн маросимида охирги марта оммага кўриниш берганди.
Собиқ президентнинг 100 йиллиги шарафига у билан 40 йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келаётган Habitat for Humanity волонтёрлари Миннесотада кам таъминланганлар учун 30 та уй қуришга ваъда беришди.
Жимми Картер туғилган Плейнс шаҳрида эса унинг 100 йиллиги муносабати билан 100 кишига АҚШ фуқаролигини бериш маросими ўтказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter