Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Асал ойи»  тугади. Президент Байден ва канцлер Меркел ўртасида жиддий зиддият юзага келмоқда

«Асал ойи»  тугади. Президент Байден ва канцлер Меркел ўртасида жиддий зиддият юзага келмоқда

Фото: «Getty Images»

Дунё cиёсатидаги мустаҳкам тартиботларни остин-устун қилаёзган Доналд Трамп ҳокимияти якунига етиб, Оқ уй демократлар вакили Жо Байденга ўтганига ҳам 20 кунча бўлди. Бу ҳодиса илғор жамоатчилик томонидан ўзига хос байрам каби қабул қилингани рост. Аммо «асал ойи» узоққа чўзилмай якунланаётганга ўхшайди. Сабаби, дунёнинг икки қудратли сиёсатчиси — Германия канцлери Ангела Меркел ҳамда АҚШ президенти Жо Байден ўртасида жиддий зиддият етилиб келмоқда, деб ёзади Bloomberg нашри.

Иттифоқчилар ўртасида «қора мушук» ўтишига Россия билан ҳамкорликда барпо этилаётган «Шимолий оқим-2» газ лойиҳаси сабаб бўлди. Болтиқ денгизи орқали ўтадиган магистрал газ қувурлари Россия газини Германияга тўғридан-тўғри етказиш имконини беради. Айни пайтда рус гази кўҳна қитъага асосан Қора денгиз орқали етказилади. «Шимолий оқим-2» лойиҳаси ишга тушиши билан Россия Шарқий Европа мамлакатларини айланиб ўтиш имконига эга бўлади.

АҚШ ва айрим Европа мамлакатлари ушбу лойиҳа Россияга энергетик қарамликни кучайтиради деб ҳисоблайди. Шунингдек, НАТО аъзоси бўлган Шарқий Европа мамлакатлари энергетик жабҳада заифлашади деган хавотир мавжуд. Қолаверса, янги лойиҳа Украинанинг газ етказишдаги воситачилик ролини ҳам йўққа чиқаради. Бу эса Украина иқтисодиётига кучли зарба бўлиши аниқ.

Европадаги аксилпутин кайфиятидаги давлатлар аввал-бошданоқ «Шимолий оқим-2» лойиҳасига рўйхушлик бермаган эди. Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши, кейинроқ ватанига қайтгач ҳибсга олиниши ортидан эса Ғарб мамлакатлари расмий Москвага нисбатан кескин жазо чораларини кўрилишини эълон қилди. Айни вақтда Россияга босим ўтказиш учун Германиядан «Шимолий оқим-2»ни тўхтатиб туриш талаб қилинмоқда. Расмий Берлиннинг мазкур лойиҳасига Германиянинг анъанавий яқин ҳамкори саналган Франция ҳам қарши.

Ангела Меркел ҳукумати эса «Шимолий оқим-2» шунчаки тижорий лойиҳалиги, унга сиёсатни аралаштирмаган маъқул эканини таъкидлаб келади.

Қайд этиш жоизки, «Шимолий оқим-2»га Германиядаги мухолиф партиялар ҳам қарши чиқмоқда. Мамлакат парламенти ташқи алоқалар қўмитаси раиси Норберт Рёттгенга (Norbert Röttgen) кўра, Россия раҳбарияти демократик қадриятларни поймол этаётган бир пайтда лойиҳа бўйича вақтинча танаффус — мораторий эълон қилиш лозим. «Яшиллар» партияси етакчиси Роберт Ҳабек ҳам шундай фикрда.

Германия раҳбарияти томонидан «Шимолий оқим-2» лойиҳаси қаттиқ ҳимоя қилинаётгани Вашингтонда хавотир уйғотмоқда

Яқин иттифоқчилар ўртасидаги муносабатлар таранглашмоқда. Ҳозирча АҚШ масалани музокаралар йўли билан ҳал этишга уринмоқда. Аммо томонлар ўзаро муросага келмаса, Оқ уй томонидан газ қувури лойиҳаси бўйича иқтисодий санкциялар жорий этилиши мумкин. У ҳолда вазият баттар мураккаблашади, Меркел маъмурияти мураккаб танлов — дилемма қаршисида қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг