Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Байден ва Трамп ўртасидаги дебат якунланди

Байден ва Трамп ўртасидаги дебат якунланди

Фото: DW/Getty Images

Атланта (Жоржия штати)да АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳамда собиқ президент Доналд Трамп ўртасида илк сайловолди теледебати бўлиб ўтди.

CNN телекомпанияси томонидан ташкил этилган ва тўғридан-тўғри эфирга узатилган теледебатнинг биринчи раунди 90 дақиқа давом этди. Дебатда илк маротаба томошабинлар қатнашмади, CNN бошловчилари мунозараларни бошқариб, саволлар беришди.

Байден ва Трамп навбатма-навбат гапиришди, уларнинг бири сўзлаётганида иккинчисининг микрофони ўчириб қўйилди.

Дебатнинг биринчи қисми Американинг ички масалалари — иқтисодий муаммолар, миграция, аборт ва бошқаларга бағишланди. Бироқ мунозара тезда халқаро майдонга кўчди.

Аввалига Америка қўшинининг Афғонистондан шошма-шошарлик билан олиб чиқилгани ҳақида гап борди Трампнинг фикрича, «мамлакат тарихидаги энг шармандали шу ҳолат» кейинчалик Россияни Украинага бостириб киришга ундаган.

«Умрим давомида бунчалик кўп бемаъни гапларни эшитмаганман», — деди унга жавобан Байден.

Трамп ғалаба қозонса расман лавозимга киришмай туриб ҳам Россия-Украина низосини бартараф этишга навбатдаги маротаба ваъда берди. У Россия президенти Владимир Путин томонидан Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича қўйилган шартларни маъқулламаслигини қўшимча қилди.

Дебат давомида томонлар тинмай бир-бирларини қоралаб, ёлғончиликда айблади. Ҳатто Байден бир жойда рақибини «кўча тилида» ҳақоратлашдан ўзини тийиб туролмади. Трампнинг ҳарбийлар ва фахрийларга муносабатига тўхталаркан, Байден собиқ президентни омадсиз, деб атади. Трампнинг таъкидлашича, Байден — тарихдаги энг ёмон президент.

Умуман олганда эса, дебат Ғарб матбуотининг ҳафсаласини пир қилди, турли муносабатларда деярли ўхшашликларни кўришимиз мумкин.

Reuters агентлиги кузатишича, Трампнинг сўзларида кўплаб «ноаниқликлар» бор, Байден эса суҳбатга бор диққатини жамлай олмади. New York Times ҳам шу фикрни давом эттириб, айрим сўзлар «ноаниқликлар»дан ташқари, очиқчасига ёлғондан иборат эканига эътибор берди, нашр Байденнинг ўзини тутишини унга хос одатий қатъиятсизлик билан боғлади.

«Байден Америка халқига куч-қувватга тўла, чидамли эканини исботлаши керак эди, бироқ буни уддалай олмади»,Оқ уйнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича собиқ директори Кейт Бедингфилднинг сўзларини келтирди нашр.

Politico ҳам амалдаги президентни гапларидаги чалкашликлар узуқ-юлуқ фикрлашлар учун танқид қилди. Axios экспертлари ҳам Байденга шафқат қилиб ўтиришмади — унинг сўзларида хатоликлар ҳукмрон.

CNN собиқ шарҳловчиси Крис Силицца: «Бу дебат Байден учун мутлақо ва узил-кесил фалокатли бўлди. Унинг қарилиги сезилди. Жавоблари тинмай узилиб қолди, уни тушуниш қийин эди».

Axios репортёри Алекс Томпсон: «Байден жамоасига унинг ёши ҳақида сўзлашлари ёқмасди, энди бундай гаплар янада кўпаяди».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг