Блогерлар Қозоғистондаги намойишлар Россия матбуотида «иштиёқ билан» ёритилаётганига эътибор қаратди

Иқтисодий таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров Қозоғистондан газ нархи ошиши туфайли бошлаган норозилик намойишлари Россия оммавий ахборот воситаларида фаол ёритилаётганига эътибор қаратди.
Таҳлилчи аҳоли норозилигига аввало ички омил – мулоқот ва келишувсиз газ нархи оширилгани сабаб бўлганини қайд этган. Айни чоқда, у ҳодисаларда ташқи омилни ҳам эсдан чиқармаслик лозимлигини таъкидлаган.
«Кремль назорати остидаги ОАВлар, гарчи Россияда узун таътил бўлишига қарамай, воқеаларни фаол, ҳатто иштиёқ билан ёритаётгани сергаклантиради. Дўст ва биродар қозоқ халқи ва раҳбарияти ташқи кучлар ташвиқоти ва таъсирисиз ўзаро мулоқот ва компромисс йўлини топа олади. Мен бунга ишонаман», – деб ёзади О.Бакиров.
Таниқли ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам намойишлар ортидан юзага келадиган эҳтимолий ташқи хатардан огоҳлантирган.
«Қўшни қардош қозоқ халқига тинчлик тилайман. Кўтарилган масалалар тезроқ ўз ечимини топиб, ташқи душманларга қўл келадиган уруш-жанжаллар барҳам топсин деймиз. Чунки Қозоғистондаги воқеаларни айрим давлатдаги ОАВлар шубҳали тарзда жуда фаол ёритиб боришмоқда. Ўша давлатдаги (номини айтмасам билдингиз) айрим «сиёсатчилар» эса Қозоғистон ҳудудидаги ўз миллатдошларини қутқариш, бунинг учун ўша давлатдаги ерларни ажратиб олиш ҳақида муҳокамаларни бошлаб юборишган», – деб ёзади Х.Худойбердиев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 январдан Манғистау вилояти маъмурияти суюлтирилган газ нархини 60 тангадан 120 тангага оширди. Бунинг ортидан якшанба куни ҳудудда оммавий норозилик бошланди. Намойишлар бирин-кетин бошқа йирик шаҳарларга ёйилди.
Норозилик ҳаракати авж олиши ортидан мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев намойишчиларга бузғунчи шахсларнинг чақириқларига, провокацияларга учмаслик, жиноятга қўл урмаслик ҳамда муаммоларни музокаралар орқали ҳал қилишга чақирди.
Бугун, 5 январь куни эса президент Қосим-Жўмарт Тўқаев бош вазир Асқар Мамин бошчилигидаги ҳукуматни истеъфога чиқариш ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳукуматга бош вазирнинг биринчи ўринбосари – молия вазири Алихон Смаилов вақтинча раҳбарлик қилиб туради.
Шунингдек, 4 январдан 19 январгача Манғистау вилояти ва Олмаота шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий этилди.
Ҳозирга қадар намойишчиларнинг асосий талаблари бажарилди: амалдаги ҳукумат тарқатиб юборилди, газ нархи эски ҳолга қайтарилди.
Оқўрда матбуоти хизматига кўра, 5 январь куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги беқарор вазият бўйича йиғилиш ўтказди.
Қайд этилишича, Қозоғистон раҳбари газ нархини оширгани учун ҳукумат ҳамда энергетика вазирлигини кескин танқид қилган. Йиғилишда вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгилангани хабар қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter