Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Европа Иттифоқи иқтисодиётининг ярмини уч мамлакат яратмоқда

Европа Иттифоқи иқтисодиётининг ярмини уч мамлакат яратмоқда

Фото: LinkedIn

Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларнинг 2025 йилдаги ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) жами 18,8 триллион еврони ташкил этди. Бу ҳақда Европа статистика агентлиги — Eurostat маълум қилди.

Германия — Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиёти, 2025 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 4,47 триллион еврони ташкил этди. Кейинги ўринларда: Франция — 2,99 трлн, Италия — 2,26 трлн, Испания — 1,69 трлн ва Нидерландия — 1,17 трлн евро.

Германия ҳиссасига Европа Иттифоқи иқтисодиётининг 23,8 фоизи тўғри келмоқда, бу кўрсаткич Францияда — 15,8 фоиз, Италияда — 12 фоиз. Шу тариқа ушбу уч мамлакатда ЕИ иқтисодиётининг ярми яратилмоқда.

Европа Иттифоқидаги энг кичик иқтисодиёт — Малта, унинг улуши умумий кўрсаткичнинг атиги 0,1 фоизини ташкил этади. Унга яқин кўрсаткич Кипр, Эстония ва Латвияда қайд этилган: ушбу давлатларнинг ҳар бири Европа Иттифоқининг умумий ЯИМида 0,2 фоиздан улушга эга.

Аҳоли жон бошига ЯИМ харид қобилияти стандартлари ҳисобга олинган ҳолда баҳоланса, вазият бошқача кўринади.

Ушбу рейтингда Люксембург ва Ирландия етакчилик қилмоқда: бу мамлакатларда аҳоли жон бошига ЯИМ Европа Иттифоқидаги ўртача кўрсаткичнинг мос равишда 238,7 ва 237,3 фоизини ташкил этган, яъни Европа бўйича ўртача даражадан тахминан 2,4 баробар юқори.

Фаровонликнинг энг паст кўрсаткичлари Болгарияда (ЕИдаги ўртача кўрсаткичнинг 68,1 фоизи) ва Грецияда (68,4 фоиз) қайд этилган.

Аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичларига маҳаллий иқтисодиётларнинг ўзига хос хусусиятлари таъсир қилади. Масалан, Ирландияда ЯИМга хорижий компаниялар сезиларли ҳисса қўшади, кейинчалик улар фойдани хориждаги эгаларига чиқаради. Люксембургда эса юқори кўрсаткич, хусусан, чегаралараро ишчилар ҳисобига шаклланади: улар ҳар куни ишлаш учун мамлакатга келади ва мамлакат ЯИМини яратади, аммо унинг ҳудудидан ташқарида яшайди ҳамда Люксембург аҳолисининг расмий сонига киритилмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг