Европа Трампга жавоб қайтарди

Европа Иттифоқи АҚШ томонидан жорий этилган божга махсус солиқлар билан жавоб қайтаради. Бу ҳақда Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.
Маълумот ўрнида, 12 мартдан бошлаб президент Доналд Трамп маъмурияти Европа Иттифоқи ҳамда Канададан келтирилаётган пўлат ва алюминийга 25 фоизлик бож жорий этди.
Янги бож тизими сабаб ЕИ 26 млрд евро маблағ йўқотади. Брюссель ушбу суммани Америка маҳсулотлари, жумладан, қайиқлар, мотоцикллар ва спиртли ичимликларни қўшимча солиққа тортиш орқали қайтариб олмоқчи.
“Божлар бу солиқлар демакдир. Улар тадбиркорлар учун ҳам, истеъмолчилар учун ҳам зарарли. Улар маҳсулот етказиш занжирини издан чиқаради, иқтисодиётга мавҳумлик олиб келади. Иш ўринлари таҳдид остида қолади, нарх-наво ошади. Бу эса на ЕИ ва на АҚШга зарур”, – деган Урсула фон дер Ляйен.
Жавоб чоралари ҳақида гапирган сиёсатчи Брюссель муаммони музокаралар йўли билан ҳал этишга тайёрлигини ҳам таъкидлаган.
ЕИнинг АҚШга нисбатан жавоб чоралари икки босқичда – 1 ҳамда 13 апрелдан кучга киради.
Қайд этиш жоизки, Европа томони Оқ уй бошлаган бож урушини тўхтатиш учун уриниб кўрди. Февраль ойида ЕИнинг савдо сиёсати бўйича мулозими Марош Шефчович Вашингтонда музокара ўтказиб, мезбонларга АҚШдан суюлтирилган газ ва мудофаа маҳсулотлари импортини оширишни таклиф қилди.
“Афтидан, АҚШ маъмурияти келишиш ниятида эмас. АҚШ ўз манфаатини ўйлаётган экан, ЕИ ҳам шундай йўл тутади. Биз ҳамиша Европа бизнеси, ишчилари ва истеъмолчиларини ноҳақ божлардан ҳимоя қиламиз”, – деган М.Шефчович музокаралар якунида.
ЕИ ва АҚШ ўртасида Трампнинг аввалги президентлик даврида ҳам савдо зиддияти юзага келган эди. 2018 йилда ҳам Трамп Европа металларига қўшимча бож жорий қилганди. Томонлар 2021 йилдагина ўзаро муросага келганди.
АҚШ маъмурияти Европадаги иттифоқчилари билан савдо-иқтисодиётдан бошқа жабҳаларда ҳам ихтилофга бормоқда.
Аввал хабар берганимиздек, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг жорий йил 14 февраль куни хавфсизлик бўйича Мюнхен анжуманида Европа етакчиларига ёш боладек дарс ўтишга урингани уларни дарғазаб қилган эди.
Трамп маъмурияти ҳокимиятга келгач, Вашингтоннинг Европа давлатлари билан Украина борасида ҳам якдиллиги йўқолган. Сўнгги ҳодисалар Россия билан музокараларга зўр бераётган Оқ уй бу жараёнга Европа Иттифоқини қўшишни истамаётганини кўрсатмоқда.
“Кўҳна қитъа”даги айрим сиёсатчилар Вашингтон Украина масаласида Москвага ён беришга уринаётганини хиёнат деб баҳолаган.
Дарвоқе, президент Трамп ён қўшниси ва яқин иттифоқчиси Канадага қарши ҳам савдо уруши очган.
Трамп ҳозирга қадар бир неча марта Канадага Американинг 51-штати бўлишни таклиф этди, ушбу давлат бош вазири Жастин Трюдони ҳатто “губернатор” деб таҳқирлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter