Испания бош вазири норозилик намойишлари сабаб парламентни тарқатиб юборди
Испания бош вазири Педро Санчес 5 октябр куни парламент тарқатиб юборилиши ва мамлакатда муддатидан олдин сайлов ўтказилишини эълон қилди. У ўз қарорини парламент ҳукумат томонидан бир кун аввал қабул қилинган уй-жой бозори ислоҳотини рад этганидан кейин юзага келган кескин вазият билан изоҳлади. Сўнгги ҳафталарда мамлакатда уй-жой муаммоси ва бошқа муҳим масалаларга ечим топилмаётганидан норози бўлган аҳоли оммавий норозилик намойишларига чиқди. Статистик маълумотларга кўра, Испанияда камида 750 мингта хонадон етишмайди.
Бош вазир қисқа нутқида 2018 йилдан буён ҳукумат фаолияти якунларини сарҳисоб қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат «улкан муваффақиятларга эришган» ва Испанияни «Европадаги энг илғор давлат»га айлантирган. Бироқ шу йиллар давомида «парламентдаги мухолиф кучлар Испаниянинг янада ривожланишига тўсқинлик қилган». Унинг таъкидлашича, пандемия ва зилзилалар, сув тошқинлари ҳамда ўрмон ёнғинлари каби табиий офатлар ҳам тараққиётга халақит берган.
Санчеснинг фикрича, ҳукумат уй-жой муаммосини ҳал қилишга ҳам муваффақиятли ҳаракат қилган. Бироқ парламентдаги ўнг ва ўта ўнг кучлар, унинг таъкидлашича, «уй-жой соҳасидаги чайқовчиларнинг манфаатларини» ифодалаб, муаммони бартараф этишга қодир муҳим ислоҳотни барбод қилган. Энди эса бош вазир испанларни бўлажак сайловларда мамлакат тақдирини ҳал қилишга ва «тараққиёт йўлидан боришни давом эттириш»га чақирди.
Муддатидан олдинги сайловлар 29 ноябрга белгиланган.
Инқирозга нима сабаб бўлди?
Мазкур инқирозга Мадридда 87 ёшли Марикармен Абаскални уй-жойидан чиқариб юбориш билан боғлиқ воқеа бевосита сабаб бўлган. 20 йил давомида ижара ҳақини тегишли равишда тўламаган аёлни уй-жойидан чиқариш бўйича суд қарори мавжуд бўлса-да, аёлнинг ёши сабаб ушбу ҳолат жамоатчиликнинг кескин норозилигини келтириб чиқарди ва намойишларга олиб келди. Охир-оқибат аёл билан боғлиқ вазият унинг фойдасига ҳал қилинди, бироқ норозиликлар тўхтамади.
Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ҳукумат уй-жой бозори ислоҳотини қабул қилди. Бироқ парламент ушбу ислоҳотни рад этди.
Ислоҳот уй-жой бозоридаги нархларни назорат қилиш, ижара ҳақини тўламаган фуқароларни уй-жойидан чиқаришни тақиқлаш ва умрбод ижара механизмини жорий этишни назарда тутган. Яъни, уй эгаси ўз уйини ижарага бергач, ижарачидан қутулиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин эди.
Ислоҳотга қарши чиққан мухолиф депутатлар ва кўчмас мулк соҳаси экспертлари унинг қабул қилиниши уй эгаларининг уйларини ижарага беришдан бутунлай воз кечишига, натижада уй-жой бозори издан чиқишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter