Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олий рада мамлакатда рус тилини мулоқот тили сифатида бутунлай тақиқлаяпти

Олий рада мамлакатда рус тилини мулоқот тили сифатида бутунлай тақиқлаяпти

Украинадаги таълим жараёни украин тилида бўлиши керак, чет тили дарслари ёки миллий озчиликлар бундан мустасно.

РБК-Украина нашрининг депутат Наталя Пипага таяниб хабар беришича, мактаблардаги танаффус ҳам таълим жараёнининг бир қисми ҳисобланади ва кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси айнан таълим жараёнининг танаффус қисмига ҳам тегишли.

Депутат, ўзидаги маълумотларга асосланиб, ҳукумат 2021 йилдан бошлаб барча мактабларга украин тилида таълим хизматларини кўрсатиш мажбуриятини юклаган, бироқ муаммо шундаки, дарсдан ташқари вақтларда болалар, баъзан ўқитувчилар ҳам рус тилида мулоқот қилмоқда.

Наталя Пипа Украина таълим сифати бўйича давлат хизмати ва Давлат тилини ҳимоя қилиш бўйича комиссарнинг 2023-2024 йиллардаги мониторинги натижаларини келтириб, жумладан, дарслар ва танаффусларда украиналик ўқувчи-талабаларнинг атиги 41 фоизи бир-бири билан фақат украин тилида мулоқот қилишини айтади.

«Буни ўзгартириш учун мен танаффус пайтида, мактаб ҳовлисида, стадионда ва бутун мактаб майдонларида украин тилида гапиришга мажбурловчи қонун лойиҳасини рўйхатдан ўтказяпман», – деган у.

Депутат, шунингдек, бу ўзгаришлар ва украин тилини нафақат дарсларда, балки танаффусларда ҳам жорий этиш зарурлигининг бир қанча сабабларини келтирган.

«Албатта, баъзи оилаларда ота-оналар ва болалар рус тилида гаплашишади, мен бундай ота-оналарни ўз фарзандлари билан украин тилида гаплашишга, намуна кўрсатишга ундайман, чунки бу келажакда мактабда ўқишни осонлаштиради», – дея маслаҳат беради депутат.

Унинг қўшимча қилишича, энди бола украин тилида мулоқот қиладиган муҳитлар сонини кўпайтириш муҳим. Унинг сўзларига кўра, украин тилидан фойдаланиш дарснинг атиги 45 дақиқаси билан чекланмаслиги керак.

Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳаси Украинанинг «Таълим тўғрисида»ги қонунига «Украина тили муҳити» тушунчаси киритилади ва таълим муассасалари муассислари, раҳбарлари ва ходимларига украин тилидаги муҳитни яратиш ва сақлаш мажбуриятини юклайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг