Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Осиё давлатлари Трампнинг баёноти ортидан мудофаа харажатларини оширмоқда

Осиё давлатлари Трампнинг баёноти ортидан мудофаа харажатларини оширмоқда

Фото: AP Photo

Осиё давлатлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан эҳтимолий учрашуви ва Жанубий Корея билан ҳарбий машғулотлар кўламини қисқартириш ҳақидаги баёнотлари ортидан ўз мудофааси учун харажатларни оширмоқда. Бу ҳақда Politico нашри Осиё дипломатлари ва бошқа манбаларга таяниб хабар берди.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан мулоқот қилиб турганини маълум қилган эди. Шунингдек, у жорий йилда КХДР раҳбари билан учрашишга умид қилаётганини айтган.

«Бу ҳафта Трамп Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотлар кўлами қисқартирилишини маълум қилди, чоршанба куни эса йил охирига қадар Ким Чен Ин билан учрашишини айтди. Бу минтақа давлатларини мудофаа харажатларини ошириш ва муқобил ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга ундамоқда», — дея хабар берган нашрга дипломатлар ва бошқа манбалар.

Осиёлик дипломатлардан бири минтақа давлатлари «ўзини ўзи таъминлаш»га эътибор қаратишини таъкидлади.

«Менимча, бундай имкониятга эга бўлган давлатлар узоқ муддатда АҚШнинг “хавфсизлик қалқони”га қарамликни камайтириш учун ўз мудофаасига кўпроқ сармоя киритади», — дея унинг сўзларини келтиради нашр.

Осиёлик дипломатлардан яна бири минтақа давлатлари ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимларини харид қилиш, ҳарбий объектларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Австралия ва Европа ҳарбий кучлари билан ҳамкорликни кучайтиришга сармоя киритиши мумкинлигини таъкидлади.

Трамп 16 август куни Truth Social ижтимоий тармоғида КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан «жуда яхши муносабатлари»ни ҳисобга олган ҳолда, АҚШнинг узоқ вақт давомида Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларда иштирок этиб келгани унга ёқмаслигини ёзган.

KBS маълумотларига кўра, Трамп мудофаа вазири Пит Хегсетга икки давлатнинг қўшма ҳарбий машғулотлари кўламини сезиларли даражада қисқартиришни топширган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг