Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қария» президент поп юлдузига қарши: Сайлов вақтида ижтимоий тармоқлар нега ёпилди?

«Қария» президент поп юлдузига қарши: Сайлов вақтида ижтимоий тармоқлар нега ёпилди?

Фото: Reuters

14 январда Угандада президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда 11 номзод иштирок этди. 17,6 миллион угандалик овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиб, улар 35 минг сайлов участкасида ўз овозларини беришди.

Номзодлар орасида 1986 йилдан буён давлатни бошқариб келаётган президент, 76 ёшли Йовери Мусевени бу гал олти бор номзодини илгари сурди. Аслида қонун бўйича, президентлик ваколат муддати 5 йил бўлиб, икки муддатдан олдин қўйиш мумкин эмас эди. Аммо бу чекловлар аллақачон олиб ташлаган, ҳатто 2017 йилда Президентнинг юқори ёш чегараси 75 ёшдан баланд бўлмаслиги ҳақидаги бандлар ҳам бекор қилинган.

Коронавирус сабабли номзодлар ўртасидаги дебатлар ҳам ман этилди, 11 та минтақада сайлов кампаниялари ҳам тўхтатилди. Хавфсизлик кучлари махсус бўлинмалари бутун мамлакатдаги 39 та минтақага жойлаштирилди.

Сешанба куни эса ҳукумат қарори билан мамлакатдаги барча ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар тақиқлаб қўйилган эди. Мамлакат президенти Мусевени ноқулайлик учун кечирим сўради, бироқ «Фейсбук» ҳукмрон Миллий қаршилик ҳаракати партияни қўллаб-қувватловчи 50 та аккаунтларни ёпгандан сўнг бундан бошқа йўли қолмагани ҳам билдириб ўтди.

Фото: https: newsru.co.il

Гап шундаки, «Фейсбук» Уганда ахборот вазирлиги ихтиёридаги саҳифаларни ёпиб қўйди. Улар гўёки сохта ва бир-бирини такрорловчи аккаунтлардан фойдаланган ҳолда сайлов ҳақидаги янгиликларни тарқатиб боришган.

«Биз ташқаридан туриб Угандада ким яхши, ким ёмон деган қарор қабул қилишларига тоқат қилишимиз мумкин эмас», – дея баёнот берди ўшанда президент.

Аммо охирги йилларда мухолифатга ҳам босимлар кесин кучайгани бор гап. Масалан, энг асосий мухолиф номзод, парламент депутати, мусиқачи, 38 ёшли Боби Вайн (асли исми Робертом Кьягулани) Кения радиостанцияга берган телефон интервьюсида унинг Кампаладаги уйига орган ходимлари кириб, нима бўлса, ҳаммасини олиб чиқиб кетишгани, доимий тақиблар остида яшаётганини маълум қилган.

2017 йилда парламент депутати бўлган ва ёшлар орасида катта машҳурликка эга Вайн кучли характерга эга бўлиб, музокаралар олиб бориш ва коалиция тузиш қобилиятига эга. У ўз чиқишларида коррупцияга қарши кураш, фуқаролик жамияти қуриш ва ҳокимият алмашувини таъминлашга асосий эътиборни қаратиш ниятини билдирган.

Ноябрь ойида хавфсизлик кучлари ва санъаткор тарафдорлари ўртасидаги уни ҳибсга олиниши муносабати билан бир неча тўқнашувларда 50дан ортиқ одамлар қурбон бўлган эди. Намойишчилар ўлимидан кейин Хавфсизлик кучлари айрим юқори мартабали ходимларига нисбатан АҚШ санкциялар жорий этиш билан таҳдид қилди. Шундан сўнг қўйиб юборилган.

Фото: Reuters

Сайлов комиссияси раиси Симон Мугеньи Бьябакама маълумотларига кўра, гарчи короновирус пандемиясига қарамай, президентлик ва парламентлик сайловларини муваффақиятли ўтди. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, амалдаги президент 61,31 фоиз овоз олган бўлса, поп юлдузи эса 28 фоиз овоз жамғарган.

2016 йилда бўлиб ўтган аввалги сайловларда ҳам 7 нафар номзод орасида Йовери Мусевени 61 фоиз овоз билан у ишончли ғалаба қозонган эди. Мамлакат тарихида ҳокимият ҳали бирор маротаба бир шахсдан иккинчисига тинчлик йўли билан ўтмаган.

Жаҳондаги энг ёш давлат

Одатда ёш давлат деганда мамлакатнинг яқинда мустақил бўлгани эмас, умумий аҳолисининг ёши назарда тутилади. Бу ерда 50 фоиз аҳолининг ёши 15 ёшдан, 78 фоизи 30 ёшдан кичикдир.  Ҳар бир аёл ўртача 5-6 нафар болани дунёга келтирмоқда. Жаҳон рекорди ҳам шу ерда қайд этилган.

Кампала шимолидаги қишлоқда яшовчи Мариам Набатанзи 13 ёшида турмушга чиқиб қирққа чиққунча 44 болани (3 бора тўрт эгизак, 4 бора учталик эгизак, 6 бора иккиталик эгизак ва икки боласи биттадан) дунёга келтирган ва уларнинг 38 нафари катта бўлмоқда.

Мариам Набатанзи ва унинг болалари

Уганда Конго Демократик Республикаси ва бошқа шарқий Африка мамлакатларидан келган 1,2 миллион нафар қочоққа бошпана берган. Бу кўрсаткич бўйича Африкада биринчи ўринда туради.

Угандада сўнгги йилларда иқлим ўзгаришлари туфайли мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган кофе ишлаб чиқариш ҳажмлари кескин камайиб кетмоқда, ҳарорат кўтарилиши эса ҳашоратлар ортишига сабаб бўлаяпти. Айрим ҳудудларда сув тошқинлари юзага келаяпти, баъзиларида эса қурғоқчилик.

Йовери Мусевени 35 йиллик бошқаруви даврида мамлакат фаровонлигини сезиларли оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни ўтказди, Халқаро валюта жамғармаси тавсияларга амал қила бошлади, нархларни тартибга солишдан воз кечиш, либерал бозор ислоҳотларини ўтказишни бошлади, ҳокимиятни марказлаштирмаслик сиёсатини олиб борди.

2006 йилда илк кўп партияли сайловлар ўтказилди. Аҳоли турмуш даражаси ўса бошлади. 2017 йилда ХВЖ директори Кристин Лагард Угандани мисол қилиб «муваффаққиятнинг Африкача тарихи» деб таърифлаган эди. Аммо ўсиш суръатлари аҳоли кўпайишидан тобора ортда қолмоқда. Камол топаётган ёшлар малакали иш ўринларига эгалик истиқболини кўрмаяпти ва уларнинг учдан бири четга чиқиб кетишни истамоқда.

Айни пайтда Президентнинг катта ўғли, генерал-лейтенант Кайнеругаба давлат раҳбари ва унинг оиласини ҳимоя қилувчи Уганда қуролли кучлари элита бўлинмасининг раҳбари ҳисобланади. У шунингдек, мамлакатда катта сиёсий таъсирга эга, барча даражадаги ҳарбийларни муҳим лавозимларга тайинлаш ва ишдан олиш ваколатига ҳам эга. Эҳтимол, кейинги сайловга қадар айнан шу фарзандини ўз ўрнига тайёрлаётган бўлса ҳам не ажаб.

Г.Равшанова, халқаро шарҳловчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг