Қаҳвахоналар, аквапарклар ва ҳашаматли савдо марказлари: Шимолий Кореяда янги давр бошланяптими?
Шимолий Кореяда аҳоли учун кўнгилочар масканлар ва истеъмол имкониятлари кенгайиб бормоқда. Мамлакат раҳбари Ким Чен Ин аҳолининг маблағ сарфлашини рағбатлантириш орқали иқтисодий фаолликни ошириш ва савдони давлат назоратида ушлаб туришга интилмоқда, деб хабар бермоқда Reuters.
Нашр савдо статистикаси, Шимолий Корея давлат ОАВ хабарлари ҳамда мамлакатга яқинда ташриф буюрган беш нафар хорижлик ва икки нафар шимолий кореялик қочқин билан суҳбатлар асосида мамлакатда ҳашаматли савдо марказлари, пляж курортлари, чанғи масканлари ва бошқа ҳордиқ чиқариш объектлари кўпайиб бораётганини маълум қилди.
Хусусан, Хитой божхона маълумотларига кўра, сўнгги ўн йил ичида Шимолий Кореянинг массаж ускуналари импорти 40 баравар ошган. Югуриш йўлакчалари импорти эса 600 фоиздан кўпроққа кўпайган. Мамлакатга пианинолар ва ҳатто бампер-карлар ҳам олиб кирилмоқда.
Пхенянда аҳолига мўлжалланган янги савдо ва кўнгилочар объектлар ҳам очилмоқда. Reuters томонидан текширилган ижтимоий тармоқ видеоларида пойтахтдаги ўтган йили очилган Rangnang Aeguk Kumgang Service Complex савдо марказида аҳоли қаҳва ичиб, маиший техника харид қилаётгани кўрсатилган.
Апрел ойида Ким Чен Ин қизи Ким Жу Э билан Пхеньяндаги янги уй ҳайвонлари дўконига ҳам ташриф буюрган.
Таҳлилчиларга кўра, бу сиёсат фақат аҳолига кўпроқ ҳашаматли маҳсулот ва хизматлардан фойдаланиш имконини бериш билан чекланмайди. Ҳукумат хусусий истеъмол харажатларини давлат назоратидаги савдо ва кўнгилочар тармоқларга йўналтириш орқали норасмий бозорларнинг таъсирини камайтириш ва янги даромад манбаларини яратишга ҳаракат қилмоқда.
Сеулдаги Hyundai Research Institute илмий ходими Канг Сон Хённинг таъкидлашича, бундай ёндашув бозорларда тўпланган ишлаб чиқариш, тақсимот ва капитал оқимларини давлат бошқарадиган расмий иқтисодий маконга олиб киради.
Бу жараён Шимолий Кореяга қарши ҳашаматли товарлар, энергия ва фойдали қазилмалар савдосига оид БМТ санкциялари амалда бўлиб турган бир пайтда юз бермоқда. Жанубий Корея Марказий банки маълумотларига кўра, Шимолий Корея иқтисодиёти 2025 йилда 3,5 фоизга ўсган. Бу кетма-кет учинчи йил мамлакат иқтисодиёти 3 фоиздан юқори суръатда ўсганини англатади.
Reuters маълумотларига кўра, Пхеняндаги янги кўнгилочар инфратузилмани молиялаштириш манбалари қаторида криптовалюта ўғирликлари, Россия-Украина урушида Россия томонида жанг қилиш учун Шимолий Корея ҳарбийларининг юборилиши ҳамда кўмир ва бошқа фойдали қазилмалар экспортидан тушадиган даромадлар бор.
АҚШ ва бошқа давлатлар расмийлари ҳамда киберхавфсизлик экспертлари Шимолий Корея давлатига алоқадор хакерларни криптовалюта ўғирликлари билан бир неча бор боғлаган. Жанубий Кореянинг Institute for National Security Strategy таҳлил маркази ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея 2023 йил августидан 2025 йил декабригача Россия-Украина урушидаги иштироки орқали 14,4 миллиард долларгача даромад олган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter