Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саудияда Трамп шарафига осмонўпар бино қурилади

Саудияда Трамп шарафига осмонўпар бино қурилади

Саудия Арабистонининг Dar Global девелоперлик ширкати АҚШ президенти Доналд Трамп шарафига бир миллиард долларлик осмонўпар бино қуради. Trump Plaza Jeddah деб аталган мажмуа Жидда шаҳри марказида қад ростлайди.

Trump Organization билан ҳамкорликда барпо этиладиган мажмуа премиум даражадаги тураржойлар, апартаментлар, А тоифадаги офислар ва эксклюзив таунхауслардан иборат бўлиши хабар қилинган.

“Trump Plaza Jeddah лойиҳаси билан Саудия Арабистонидаги тижорий иштирокимиз кенгаяётганидан ғоят мамнунмиз. Бу лойиҳа орқали дунё даражасидаги меҳмоннавозлик, замонавий ҳаёт ва жўшқин бизнес муҳитини уйғунлаштирган ҳолда мукаммаллик борасидаги қарашларимизни рўёбга чиқарамиз”, – деган Trump Organization’нинг ижрочи вице-президенти, Доналд Трампнинг ўғли Эрик Трамп.

Янги мажмуа қачон ишга туширилиши маълум қилинмаган.

Лойиҳа Саудияда юқори нархдаги кўчмас мулк сектори ўсаётган пайтда амалга татбиқ этилмоқда. 2024 йилда подшоҳлик миллиондан зиёд янги туруржой ва етти миллион квадрат метр савдо ва офис иншоотлари қурилиши учун 1,3 триллион доллар сармоя киритди.

Қайд этиш жоизки, Трамп оиласи Саудия Арабистонида Trump Tower Jeddah деб аталган яна бир осмонўпар бинони қурмоқда. Қизил денгиз соҳилидаги ҳашаматли мажмуа 2028 йилда битказилиши кутилмоқда.

Доналд Трамп иккинчи муддатда АҚШ президенти сифатида иш бошлагач, дунё давлатлари, жумладан, араб монархиялари турли тижорий лойиҳалар, катта-катта сармоялар орқали унинг эътибори ва эътирофини қозонишга уринмоқда. Жумладан, Трампнинг жорий йил май ойидаги Риёз шаҳрига

ташрифи чоғи Саудия Арабистони ва АҚШ ўртасида 600 миллиард долларлик сармоявий битимлар имзоланганди.

Қўшни Қатар давлати эса Трампни хушнуд этиш учун 400 млн долларлик серҳашам учоқ ҳадя қилгани маълум.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг