Сингапур ҳар бир бола учун 55 минг доллардан ортиқ молиявий ёрдам ажратади
Сингапур ҳукумати туғилиш даражасининг кескин пасайиши фонида оилаларни қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтирмоқда. Янги дастур доирасида ҳар бир талабларга жавоб берадиган Сингапур фуқароси бўлган болага туғилганидан 17 ёшгача жами қарийб 70 минг Сингапур доллари (тахминан 649 миллион Ўзбек сўми) миқдорида тўғридан-тўғри молиявий кўмак берилади.
Бу сумма АҚШ валютасида қарийб 55 минг долларга тенг.
Муҳим жиҳати, 55 минг АҚШ доллари ота-онага бола туғилиши билан бир йўла бериладиган пул эмас. Бу бола туғилганидан 17 ёшгача турли тўловлар ва жамғармалар орқали босқичма-босқич ажратиладиган умумий молиявий пакетдир.
Янги СГ Чилд Суппорт Паsкаге дастурининг ўзи ҳар бир бола учун 62 минг Сингапур долларигача (тахминан 574,8 миллион сўм) ёрдамни назарда тутади.
Бунга янги туғилган чақалоқ учун амалдаги МедиСаве гранти ва мактаб йилларида бериладиган жами қарийб 2,5 минг Сингапур доллари (тахминан 23,2 миллион сўм) миқдоридаги Эдусаве маблағлари ҳам қўшилади.
Шу тариқа, давлат томонидан бир болага кўрсатиладиган умумий молиявий кўмак қарийб 70 минг Сингапур долларига (тахминан 649 миллион сўм) етади.
Дастур туғилиш даражаси тарихий минимумга тушиб кетгани ортидан жорий этилмоқда. 2025 йилда Сингапурда умумий туғилиш коеффициенти бир аёлга 0,87 нафар болани ташкил этган. Аҳоли сонини табиий равишда барқарор сақлаш учун эса бу кўрсаткич тахминан 2,1 бўлиши керак.
Молиявий ёрдамдан ташқари, ҳукумат бола парвариши таътилини узайтириш ва боғча харажатларини камайтиришни ҳам режалаштирган. 2030 йилга бориб давлат қўллаб-қувватлайдиган муассасаларда тўлиқ кунлик болалар боғчаси тўловини ойига 150 Сингапур долларигача (тахминан 1,39 миллион сўм), чақалоқлар парвариши учун тўловни эса 300 Сингапур долларигача (тахминан 2,78 миллион сўм) тушириш режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter