Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Уч мамлакат Биринчи хонимлари “Алтин балалик”да

Уч мамлакат Биринчи хонимлари “Алтин балалик”да

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Қирғиз Республикаси Биринчи хоними Айгул Жапарова ҳамда Озарбайжон Республикаси Биринчи хоними Меҳрибон Алиева билан биргаликда Қирғизистондаги машҳур “Алтин балалик” реабилитация марказига ташриф буюрдилар. Мазкур олий даражадаги ташриф уч қардош мамлакат ўртасидаги ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик нақадар мустаҳкам эканини яна бир бор намоён этди.

Ташриф давомида олий мартабали меҳмонлар марказнинг фаолияти, бу ерда тарбияланувчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳамда ташкил этилган маҳорат дарслари билан яқиндан танишдилар. Меҳмонлар болалар билан самимий мулоқот қилиб, уларнинг истеъдодига юқори баҳо бердилар. Ташриф давомида ташкил этилган маданий дастур барчага ўзгача кайфият улашди: “Шаттик” миллий рақс ансамбли ва ёш комузчилар ижросидаги чиқишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, “Ақилман” иқтидорли болалар президент лицейи тарбияланувчилари томонидан лой ва кигиздан тайёрланган ўзига хос ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси намойиш этилди.

Шундан сўнг олий мартабали меҳмонлар марказнинг гўзал соҳил ҳудуди ва замонавий санъат галереясини кўздан кечирдилар. Мазкур галереяда Қирғизистонда ўтказиладиган болалар ижодиёти бўйича халқаро танловлар ғолиблари, жумладан, ўзбекистонлик ёш рассомларнинг ҳам ижод намуналари тақдим этилди. Бу ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги халқаро ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.

Дастурнинг энг таъсирли ва рамзий воқеаларидан бири Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик рамзи бўлган “Дўстлик дарахти” номли кигиз панносига якуний безак элементини тушириш маросими бўлди. Ушбу ҳамкорликдаги ижодий иш уч мамлакат ўртасидаги маданий яқинлик ва биродарликни акс эттиради. Ташриф якунида Қирғиз Республикаси Биринчи хоними томонидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хонимига қирғиз халқининг азалий анъанавий миллий мусиқа асбоби — чангқоʻбиз ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида туҳфа қилинди.

Ушбу ташриф Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона алоқалар нафақат сиёсий ва иқтисодий даражада, балки инсонпарварлик, маданият ва ёш авлод келажаги йўлида ҳам изчил ривожланиб бораётганининг яна бир ёрқин исботига айланди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг