«Яндекс» дата-марказларини тиклаш 6 ойгача чўзилиши мумкин
«Яндекс»нинг учта дата-марказида шикастланган инфратузилмани алмаштириш учун зарур ускуналарни етказиб бериш олти ойгача вақт олиши мумкин. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри ёзмоқда.
Бозор иштирокчилари қувватлар танқислиги ва учувчисиз учиш аппаратларидан ҳимояланиш харажатлари ортиши сабабли серверлар ҳамда булутли хизматлар қимматлашишини кутмоқда.
The Insider нашри компаниянинг 2025 ва 2026 йилларда тарифларни оширишга оид маълумотларини ўрганиб, «Яндекс»нинг айрим булутли хизматлари сўнгги икки йилда 16,6 фоизга қимматлашганини аниқлаган.
Фойдаланувчилар «Яндекс Пэй», электрон почта, «Лавка» ва «Еда» хизматларидаги муаммолардан шикоят қилмоқда. Таксичилар ва курьерлар эса ишлаб топган пулларини ечиб олиш имкони йўқлигини билдирмоқда. 12 октябр ҳолатига кўра, Yandex Cloud ҳамон авария режимида ишламоқда. Компания мижозларга маълумотларини муқобил платформаларга кўчиришни тавсия қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 8–11 октябр кунлари Рязан, Калуга ва Владимир вилоятларида жойлашган «Яндекс»нинг учта дата-марказига дронлар орқали ҳужум қилинганди. Ушбу объектларда компаниянинг учта суперкомпьютери ҳам жойлашган бўлган. Сўнгги ҳужумдан кейинги узилишлар камида олтита мамлакатга, жумладан, Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатган.
«Яндекс» инфратузилмани тўлиқ тиклаш муддатларини ҳозирча маълум қилмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter