Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Метеоритдан омон қолган шаҳар

Метеоритдан омон қолган шаҳар

Шу кунларда асли челябинсклик, ҳозирда АҚШда яшаётган астроном олим, НАСА астрофизиги ва фантаст ёзувчи Николай Горькавийнинг «Курьер-619. Юпитер – Челябинск» янги романи нашрдан чиқди.

Сабаби бу шаҳарга сафарим чоғида асосан билганларим, 2013 йил 15 февралда Чебаркул кўлига метеорит тушганию ва у жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали бир кунда машҳур бўлгани ҳақида тасаввурларгина бор эди.

Чунки ўшанда 500 килотонна тротил эквивалентига тенг портлаш тўлқини бу ердаги 7320 бинога зарар етказган ва 1613 кишини жароҳатлагани кенг ёритилганди.

Эҳтимол, ўшанда метеорит тезлиги ва ҳажми ҳайбатлироқ бўлганида мен бугун ўз кўзим билан кўриб турган бу гўзал шаҳар балки Ер юзида бўлмас ҳам эди. Бу ҳам Худонинг бир марҳаматидир.

Тарихига назар ташласак, Челябинск шаҳрига 1736 йилда асос солинган. Ҳозирда 1,2 миллион аҳоли истиқомат қилаяпти. Ўтган йили коронавирус пандемияси ва мигрантлар кўчиб келиши камайгани сабабли аҳоли сони тахминан 7 минг кишига камайгани ҳақида маълумот ўқидим. Аҳоли сони кўплиги бўйича Россияда еттинчи ўринни эгаллайди.

Руслардан ташқари татарлар, бошқирдлар, украинлар, немислар ва қисман ўзбеклар истиқомат қилади.

Шаҳар ҳудуди 53 минг гектар бўлиб, тахминан Андорра давлатига тенгдир.

Миасс дарёси бўйида қад ростлаган кентнинг норасмий номи «Танкоград» деб ҳам аталаркан.

Уруш бошланган дастлабки ойларданоқ бу ерга катта салоҳиятга эга бўлган 200дан ортиқ йирик саноат корхоналари кўчиб ўтказилган. Жанг майдонларига бу ердан 60 мингга яқин дизель танклари, 18 минг ҳарбий машиналаретказиб берилган.

Бронетанк қўшинлари учун салкам 7 минг зобитлар етказиб берилган. Ўша сўронли йилларда шаҳар аҳолиси 270 мингдан 650 минг нафарга кўпайди.

Челябинск 2008 йилда собиқ Иттифоқнинг 70 та шаҳри орасида «МДҲдаги энг яхши шаҳар» мақомини ҳам олган эди.

Шаҳар мэрининг мутахассислиги — ўқитувчи

Ўтган асрнинг 90-йилларга келиб шаҳарга ижтимоий дастурларни молиялаштиришга маблағлар етишмаслиги, ойлик иш ҳақлари тўланмай қолгани, корхоналар банкротликка учрагани сабабли Челябинск иқтисоий аҳоли жуда мураккаб вазиятга тушиб қолган эди. Фақат 90-йиллар охирига келиб заводлар иши қайта йўлга қўйилди ва улар жаҳон бозорларига маҳсулотлар етказиб берила бошлади.

2000 йилда тузилган Урал федерал округи тузилади. Унинг таркибида эндиликда Екатеринбургдан кейин иккинчи йирик маданий ва илмий, иқтисодий, ишбилармонлик ва сиёсий марказ ҳисобланади. Шаҳар 7 та туманни қамраб олади.

Шаҳар Думаси депутатлари қарори билан Наталья Котова 2019 йил 19 ноябрда мэр этиб тайинланган эди.

56 ёшли Наталья хоним асли мутахассислиги физика ва астрономия фани ўқитувчиси. Университетни тамомлагач, 7 йил давомида шаҳардаги 63-мактабда устозлик қилган.

Кейин давлат мулкларини бошқариш бўйича қўмитага мутахассис бўлиб ўтди. Бу орада Урал давлат хизмати академиясини тамомлади. 1996-2004 йилларда банкротлик бўйича ишлар федерал бошқармасининг ҳудудий бўлими бошлиғи лавозимида меҳнат қилди. Кейинроқ шаҳар уй-жой сиёсати бошқармаси бошлиғи, шаҳар раҳбарининг биринчи ўринбосари каби мансабларга кўтарилди.

Давримиз учун жуда муҳим бўлган йўналишлар – молиявий соғломлаштириш ва банкротлик, уй-жой қурилиши, солиқ маъмурчилиги ва бошқаруви сиёсати, боғдорчилик унинг ихтисослигидир.

Опанинг фаолияти синовли пандемияга даврига тўғри келиб қолди. Шунга қарамай ялпи ўсиш кўрсаткичларини 3 фоизлик пасайиш чегарасидан тушиб кетишига йўл қўймади. Ўтган йили шаҳарда 656 миллиард рубллик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

7,2 миллиард рубллик 5 та йирик муниципал лойиҳалар амалга оширилди ва бунга шаҳар бюджетидан 227 миллион рубль ажратилди. 

«Хавфсиз ва сифатли автомобил йўллари» миллий лойиҳаси асосига 1 миллиард сарфланиб, 35 та кўчанинг 30 километрлик йўллари таъмирланди. «Турар-жойлар ва шаҳар атрофи» миллий лоиҳасиасосида 764 миллион рублга 93 та аҳоли яшайдиган ва 11 та жамоат ҳудудлари ободонлаштирилди.

Юқорида таъкидлаганимиздек аҳоли ўсишига бутун россияда кенг эътибор қаратилмоқда. Шаҳарда якунланган йилда «Демография» лойиҳасига 1,8 миллиард рубл ажратилди. 7,9 минг оилаларга бола туғилганлиги бўйича бир марталик ёрдам пули берилди.

Мактабгача таълим муассасаларида қўшимча 183 та ўринлар яратилди. Шаҳарда 2380 ўринли 10 та янги боғча пайдо бўлди. Уларнинг 4 таси янгидан қурилган бўлса, 6 тасига бинолар сотиб олинди, яна 3 таси ҳозир бунёд этилмоқда. 13 та спорт тайёрлов ташкилотлари тўлиқ жиҳозланди.

60 та мактабни замонавий техникалар ва янги дастурлар билан таъминлаш, 100 та энг яхши ўқувчига 10 минг рублдан стипендиялар ажратиш учун «Таълим» лойиҳаси доирасида 596 миллион рубль сарфланди.

Ҳозирча шаҳар аҳолиси ўз мэрини катта ҳурмат билан эслаётганидан унинг фаолиятидан қониқиш ҳосил қилаётгани сезиш қийин эмас экан. Шаҳар расмий сайтида мэрнинг барча йўналишдаги ишлари бўйича бир неча китобга жой бўларлик йиллик ҳисоботи жой олгани эса биздаги ҳокимлик матбуот котиблари учун ҳам ўрганишга молик жиҳат экан.

Шунингдек, шаҳар мэри Думада депутатлар томонидан сайланиши ҳисобга олинса, халқ нойиблари йиғилишига уларнинг ўзини эшикдан киритмаслик ёки ҳудудий прокурорнинг қандайдир тақдимномаси билан депутатнинг дахлсизлик мақомидан маҳрум қилиш ва катта залда очиқ-ойдин тинтув ўтказиб юбориш каби ишлар мэрнинг мансабдорлик тақдирига фалокатли таъсир кўрсатишини яхши тушунишади.

Гулрухсор Равшанова,
халқаро журналист,
Тошкент-Челябинск

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг