Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

30 фоизлик бошланғич тўлов эвазига 3 йил муддатга автокредит ёлғон бўлиб чиқди

30 фоизлик бошланғич тўлов эвазига 3 йил муддатга автокредит ёлғон бўлиб чиқди

Инсоният тарихига назар соладиган бўлсак, энг буюк ихтиролардан бири, шубҳасиз, автомобиль яратилиши билан боғлиқ.

Узоқни яқинлаштирувчи ушбу восита гоҳида икки яқин инсонни бир-биридан узоқлаштириб юбориши ҳам мумкин. Қандай дейсизми? Автолизинг ҳақида эшитмаган кўринасиз. Бугунги кунда истеъмолчи ва тадбиркор орасидаги муаммо ва можароларнинг аксарият қисми айнан автолизинг ташкилотлари сабабли юзага келмоқда.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушган навбатдаги ариза мазмуни ҳам юқоридаги мавзуга алоқадор. Анчадан буён автомобиль харид қилиш ниятида пул жамғариб юрган Рустам Аҳроров ҳам қаердандир 30 фоиз бошланғич тўлов эвазига 3 йил муддатга кредит асосида автомашина берадиган МЧЖ ҳақида эшитиб қолади. Бухоро шаҳри А.Сомий кўчаси 36-уйда истиқомат қилувчи қаҳрамонимиз 27 июль куни Бухоро шаҳри, Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида жойлашган «Orient Avto Lizing» МЧЖ га боради ва «Спарк» автомашинаси харид қилиш мақсадида 29 810 000 сўм бошланғич тўловни амалга оширди. Шартномада белгиланган муддат етиб келди-ю, машинадан дарак йўқ. МЧЖ га мурожаат қилганида, бироз кутиб туришини айтишди.

Кутиб-кутиб чарчаган истеъмолчи кунора МЧЖга бориб келадиган бўлди. Кундан-кунга харидорнинг хуноби, тадбиркорнинг баҳоналари ошиб бораверди. Қониқарсиз жавобларни эшитаверишдан чарчаган Р.Аҳроров нажот истаб Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ёзма мурожаат қилди. Соҳа мутахассислари томонидан ҳолат ўрганилгач, муаммо истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.

Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациялари матбуот хизматига кўра, Рустам Аҳроров ўзи тўлаган 29 810 000 сўм пулни тўлиқ қайтариб олди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг