Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Буюк орзу – «Феррари»!

Буюк орзу – «Феррари»!

«Феррари» тарихида бирорта моделга эга бўлолмаган миллиардерлар ҳам бор.

Фото: «Autoblog.com»

«Тақдир менга жуда кўп туҳфалар қилган. Буларнинг биринчиси ва энг муҳими беш ёшлигимда отам мени автопойгага олиб борганидир. Айнан шу воқеа менинг ҳаётимда энг ёрқин из қолдирган ва келажагимни белгилаб берган».

Бу сўзлар моҳир автопойгачи ва бутун дунёга машҳур «Феррари» компанияси асосчиси Энцо Феррарига тегишлидир. «Болоня ҳалқаси» деб номланган автопойгани томоша қилган Энцо кўрганларидан шунчалар кучли таъсирланадики, унинг бутун вужудини бир фикр, ягона орзу қамраб олади: «…Автопойгачи! Мен фақат автопойгачи бўламан!».

Лекин бу орзу амалга ошгунча Энцо жуда кўп тўсиқларни енгиб ўтишга мажбур бўлади. Ўзи қизиққан соҳа бўйича иш бошлаганига қадар Энцо Феррари оилавий бизнесни юритишига, «Феррари» деб номланган отхонани бошқаришига тўғри келади. Севимли машғулотини у «Алфа-Ромео» фирмасининг ёлланма ходими сифатида бошлайди ва автопойгаларда илк бор иштирок этади. 1927 йилда Энцо «Скудериа Феррари» жамоасини тузади (бу жамоа ҳамда унинг муносиб давомчилари ҳозир ҳам «Формула-1» автопойгаларининг етакчиси ҳисобланади).

1932 йилда Энцо Феррари автопойгачилик фаолиятига якун ясайди ва ўзининг компаниясига асос солади. Компания иш бошлаган дастлабки вақтлардаёқ Энцо ўзининг илк автомобилини яратади. Лекин бу автомобилга у «Феррари» номини бера олмас, чунки Энцо «Алфа-Ромео»да ишлаётгани учун янги автомобил билан боғлиқ барча ҳуқуқлар шу компанияга тегишли эди.

«Феррари» номли илк автомобил 1946 йилда дунё юзини кўради. Бу «Ferrari 125» модели эди. Энцо Феррари бу модел орқали ўзининг азалий ниятини амалга оширади – оддий автомобил билан пойга автомобили хусусиятларини уйғунлаштиради.

«Феррари»нинг жаҳонга машҳур белгиси – сариқ фондаги сакраётган қора от суратини Энцо Феррари Биринчи жаҳон уруши қаҳрамони бўлган моҳир учувчи Франческо Бараккидан олган.

«Феррари»га эга бўлиш, унинг юқорига очиладиган эшигидан кириб, машинанинг ғайритабиий кучини бошқариш, тасаввурдаги тезликда учиш ҳар бир автоишқибоз учун орзуга, ҳақиқий нуфузга айланган даврлар келади. «Феррари»нинг ҳар бир модели ҳар доим ҳам саноқли нусхалардагина ишлаб чиқарилар, айрим моделлар ҳатто бир неча ўн донагина яратиларди. Ўз ишининг усталари бўлган моҳир мутахассисларнинг заргарона меҳнати ҳар бир автомобилни санъат асари даражасига етказарди. Бу анъаналар ҳануз давом этмоқда. Ишлаб чиқарилган ҳар бир автомобилни олдиндан буюртма берган ва пулини тўлаб қўйган харидор кутиб турар, одатда харидор мақомига эришиш ниятида бўлган инсоннинг коллекциясида «Феррари»нинг олдинги моделлари бўлиши лозим эди.

Бу қадар нуфузли машиналар олибсотарлар қўлига тушиб, кейинчалик бир неча баробар қимматга сотилганидан кейин Энцо бу борада янада қаттиқ назоратни йўлга қўйди, ҳар бир харидорни шахсан ўрганиб чиқиб, фақат эски қадрдонларгагина янги моделларни сота бошлади. «Феррари» тарихида бирорта моделга эга бўлолмаган миллиардерлар ҳам бор.

«Феррари» моделлари асосан қизил рангга бўялади. Ҳазил тариқасида «Феррари» фақат қизил ёки қип-қизил бўлиши мумкин» дейишади.   

1964 йилда фирма даромадини бир неча баробар ошириш мақсадида «Ferrari 330 GT 2+2» модели 1057 дона ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариш ҳажми деярли уч баробар оширилса ҳам талаб кучлилигича қолаверади. 1987 йилда фирманинг 40 йиллиги муносабати билан ишлаб чиқарилган «F 40» модели дастлаб 400 нусхада бўлиши мўлжалланганди. Лекин жуда кучли талаб ҳисобга олиниб, бу модел 1311 нусхада ишлаб чиқарилади. Бу энди ўзига хос рекорд эди.

Ferrari FXX-K Hybrid Hypercar [Add-On] Фото: «ru.gta5-mods.com»

2002 йилда «Феррари» асосчиси, буюк автопойгачи Энцо Феррари шарафига «Энцо» модели яратилади. 349 нусхада ишлаб чиқарилган машиналар ҳар доимгидек доимий харидорларгагина етказиб берилади. Бу фирманинг ўз асосчисига бўлган чексиз ҳурматининг ўзига хос рамзи бўлган.

Энцо Феррари чиндан ҳам ҳар қандай мақтовга лойиқ инсон эди. Умрининг поёни – 1988 йилга қадар Энцо ўз фирмасини бошқарди ва унинг ўтмишини ҳам, келажагини ҳам белгилаб берди. Энцо ҳар бир автомобилни ўз фарзандидек кўрар, янги моделларга бутун қалб қўрини бахш қиларди. Шунингдек, Энцо «Феррари» моделларига нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўла оладиган ягона инсон ҳам эди. У автоҳалокатга учраган ёки бузилган машиналарни, гарчи қайта тиклаш мумкин бўлса-да, киприк қоқмай чиқитга чиқариб ташларди. Энцонинг қўлларидан омон қолган эски автомобилларнинг аксарияти музейлар ёки хусусий коллекциялардан паноҳ топган.

1956 йилда Энцо Феррарининг ёлғиз ўғли, иқтидорли конструктор, отасининг муносиб давомчиси, ягона умиди Алфредино тузалмас касалликдан вафот этади. Ўғлининг вафотидан қаттиқ куйинган Энцога унинг хотирасини абадийлаштириш, ҳаётда Алфрединога мос из қолдириш фикри ўн йил давомида тинчлик бермайди. Бунинг учун қандай йўл танлаганини англадингиз албатта. 1966 йилда яратилган «Феррари-Дино» модели «Феррари»нинг ҳақиқий афсонасига айланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг