Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«OylikUz» стартап-лойиҳаси ҳамасосчисининг «омад формуласи» (интервью)

«OylikUz» стартап-лойиҳаси ҳамасосчисининг «омад формуласи» (интервью)

Стартап нимадан бошланади, жамоа қандай йиғилади, қанча маблағ сарфланади, инвесторлар қандай жалб қилинади? «OylikUz» стартап-лойиҳаси ҳамасосчиси ўз «омад формуласи» сирини очди.


Фаррух Азимов — «OylikUz» стартап-лойиҳаси асосчиларидан бири.  2007—2012 йилларда И.М.Губкин номидаги Россия Давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида таҳсил олган. Мутахассислиги — нефть ва газ конларини қидиришнинг геофизик усуллари. 2016—2018 йилларда Корпоратив бошқарув илмий таълим марказининг (ҳозирги Абу Райҳон Беруний номидаги Республика Бизнес ва бошқарув олий мактаби) «Бизнес бошқарув» йўналишидаги магистратура тингловчиси бўлган.


— Фаррух, хуш келибсиз! Бугун қандай лойиҳалар билан бандсиз? Суҳбатимизни шундан бошласак.

— Айни пайтда «Ўзбекистон Республикасининг нефть ва газга бой Устюрт минтақасида геология-қидирув ишларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига асосан Мўйноқда сейсмоқидирув ишларини олиб борувчи партияни бошқаряпман. Сейсмоқидирув партиямиз «Ўзбекгеофизика» АЖга қарашли. Ташкилотимизнинг асосий мақсади Устюртда геофизик изланишларни олиб бориб, янги газ конларини очиш. Менинг асосий вазифаларим — партиянинг стратегиясини белгилаш, муҳандис-техник ходимларни бошқариш ва иш сифатини ва ҳажмини таъминлаш.

Сейсмоқидирув ишлардан ташқари, яна бир фаолиятим — «OylikUz» лойиҳасини шерикларим билан ривожлантириш. Беш кишилик бу жамоада менинг вазифам — молиявий бошқарув ва мижозлар билан ишлаш.

Ҳар қандай стартап ва умуман олганда, бизнес одамлардаги бор ва ечимини топмаган муаммолар ёки қондирилмаган талабдан келиб чиқади!

 «OylikUz» лойиҳасига батафсилроқ тўхталсангиз. Ғоя қандай туғилди?

— Лойиҳа ғоясини дўстим ва ҳамкасбим Абдулла Рисбаев таклиф қилган. 2016 йилда иккаламиз ҳам битта ташкилотда (сейсмоқидирув партияда) Қашқадарё вилоятида муҳандис бўлиб ишлаганмиз. Менимча, ҳар қандай стартап ва умуман олганда, бизнес одамлардаги бор ва ечимини топмаган муаммолар ёки қондирилмаган талабдан келиб чиқади!

Хусусан, бизнинг лойиҳамиз. «OylikUz» ишлаётган ташкилотимизнинг («Ўзбекгеофизика» АЖ) иш услубидан келиб чиққан муаммодан бошланган. Сейсмоқидирув партиялар марказий ташкилотнинг офисидан узоқ масофада — чўл, дала ва тоғларда иш олиб боришади. Ойлик тушган пайтда ходимларда савол туғилиши табиий. Масалан «Мукофот пули нега кам?», «Қанча солиқ ушланди?», «Окладим» неча пул?». Бу саволларга жавобларни ҳисоб варақаларидан топса бўлади. Лекин масофа узоқ — ҳисобчилар бу варақаларни вақтида етказиб бера олмайдилар. Бундан ташқари, ҳисобчи ҳар ой мингга яқин ходимларнинг ойлигини чоп этиб, қоғозни кесиб, бўлимлар бўйича тарқатишга иш вақтини, қоғозни ва принтер ресурсини ишлатади. Хуллас, бир тарафдан ходимларда ойлик маош ҳақидаги маълумотдан қондирилмаган талаб бор. Иккинчи тарафдан — бухгалтерияда маълумотни етказиб бериш жараёнидаги муаммо. Худди шу бошоғриқни ечиш учун дўстим сервер дастурини ва смартфон учун мобил иловани яратиш ғоясини таклиф қилди.

— Ғоя амалиётга қандай кўчди?

— Лойиҳани амалга ошириш жараёни осон кечмади, аммо бу табиий ҳол. Чунки яхши ғоя — бу ҳали яхши бизнес эмас! Энг қийин ва машаққатли жараён мавҳум ғояни амалиётга татбиқ қилиш, яъни ғоядан мижознинг эхтиёжига жавоб берадиган тайёр маҳсулот ёки дастурни яратиш. Бунинг учун авваламбор жамоа тузиш керак, унинг ҳар аъзоси ғоянинг келажаги борлигига ишониши керак ва кичик жамоада энг асосий компетенцияларга эга иштирокчилар мавжуд бўлиши керак. Аммо бошида бу нарсалар ҳақида иккаламизда маълумот ҳам, бизнес-лойиҳани ривожлантириш тажрибаси ҳам йўқ эди.

— Лойиҳада яна кимлар бор? Жамоангиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз

 — Бошида уч киши эдик — мен, Абдулла Рисбаев ва яна бир дўстимиз, Губкин номидаги университетдаги курсдошимиз — Азамат Мадмусаев. Тўрт-беш ой давомида лойиҳани амалга ошириш йўлларини қидирдик, турли компанияларга мурожат қилдик, дастурни яратиш учун шартнома тузишга ҳаракат қилдик, лекин олдинга силжиш бўлмади.

Бизнинг бахтимизга 2017 йилнинг бошида мен ўқиётган Корпоратив бошқарув илмий таълим марказига Савдо-саноат палатасининг вакили Усмон Раҳимжонов келиб қолди. Усмон ака «Стартап ташаббуслари» лойиҳаси ҳақида тингловчиларга маълумот бериб, уларни лойиҳада қатнашишга ундади. Мен фурсатни бой бермай ўша куниёқ дўстларимга қўнғироқ қилиб лойиҳада қатнашишни таклиф қилдим.

Тақдимот қилиш бу — санъат. 7 дақиқа ичида лойиҳа ғоясини тушунтириб, унинг молиявий келажаги борлигига инвестор ёки партнёрларни ишонтира билиш керак.

«Стартап ташаббуслари»да ғолиб бўлган экансиз?

— «Стартап ташаббуслари» сайтига (http://startup.chamber.uz/) жамоа ва лойиҳамиз ҳақида маълумот жўнатдик. Бир ойдан сўнг Усмон ака бизни суҳбатдан ўтказиб, лойиҳамизга кейинги босқичга йўлланма берди. Суҳбат жараёнида жамоа таркибига эътибор қаратишимизни маслаҳат берди, юқорида айтиб ўтганимдай, жамоадаги асосий компетенциялар ҳақида тушунча бериб, жамоага IT-мутахассисни жалб қилишни тавсия қилди. Бир неча кундан кейин жамоамизда 4-аъзо — яна бир дўстимиз Темур Отажонов пайдо бўлди. Кейинги босқичдан олдин иштирокчиларга презентация (тақдимот) қилиш санъати (бу ҳақиқатан ҳам санъат экан) ҳақида Артур Пак-Вартанян тушунча берди ва жамоаларни бир ҳафта давомида тайёрлади. Иккинчи босқичда жамоалар ҳакамлар олдида лойиҳалари тақдимотини ўтказишди. Танлов натижасида 40га яқин жамоа 3-босқичга йўл олди. Ушбу босқичда икки ҳафта мобайнида жамоалар аъзолари учун тренинг ташкил қилинди. Тренингда стартапни ривожлантириш, ечилмаган муаммоларни топиш, маҳсулот яратиш, бизнес гипотезаларини текшириш, бозорни ўрганиш ва олинган маълумотларни таҳлил қилиш, инвесторга лойиҳани тақдим қилиш ҳақида тажрибали мутахассислар ва бизнесменларнинг маърузаларни тингладик. Шундан сўнг жамоалар гуруҳларга бўлиниб, ҳар бир гуруҳга трекерлар (устозлар) бириктириб қўйилди. Трекерлар (Алишер Юсупов ва Елена Селезнёва) назорати остида уч ой мобайнида лойиҳани ривожлантирдик, яъни биз ўйлаган муаммо ҳақиқатан ҳам бор ва қондирилмаганлигига ишонч ҳосил қилдик, бозор ҳажмини баҳоладик, тайёр маҳсулотни («Telegram» мессенжерида бот ва сервер дастур) яратдик ва мижозларга тақдим қилдик, камчиликларини ўргандик. Шу уч ой бизга катта тажриба берди — мижозлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини тушуниш, ахборотни таҳлил қилиш, лойиҳани инвесторга тақдим қилишни ўргандик. Натижада 2017 йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтган «Demo day»да 12 та жамоа орасида қатнашдик. Ушбу тадбир ҳам жуда катта тажриба берди, чунки 7 дақиқа ичида лойиҳа ғоясини тушунтириб, унинг молиявий келажаги борлигига инвестор ёки партнёрларни ишонтира билиш керак. Бунинг учун лойиҳангизни яхши тушуниб, бозорни таҳлил қилиб, молиявий кўрасткичларни ҳисоблаб, соҳадаги рақобатни ўрганиб, бозорга кириш харажатларини ва рискларини баҳолаб, шу асосда мустақил фикр юритишингиз керак. Муҳим жиҳатлардан бири — жамоанинг таркиби.

— Инвесторлар нимага кўпроқ эътибор қаратишади?

— Инвестор кўпинча лойиҳанинг ўзига эмас, жамоага пул тикади! Чунки айнан жамоа лойиҳани ғоядан тайёр махсулотгача олиб боради. Жамоа яхлитлигига ва унинг аъзолари керакли компетенцияларга эгалигига инвесторда ишонч ҳосил қилишингиз керак.

— Ҳозирда «OylikUz» да ишлар қалай?

— Лойиҳа ривожланиш жараёнида. Тўртта компания билан шартномамиз бор ва бу компаниялар ходимларига хизмат кўрсатяпмиз. Яна тўртта ташкилот билан музокара олиб боряпмиз. «OylikUz» тизимига автоматик тарзда СТИР рақами орқали уланиш усулини битта ташкилотда синовдан ўтказяпмиз. Қашқадарё, Жиззах вилоятларида, Қорақалпоғистонда ва Тошкент шаҳрида фаолият олиб боряпмиз. Жамоага яна битта IT-мутахассис олдик.

Телеграмда «OylikUz» канали (t.me/oylikuz) ва интернет сайтимиз (Oylik.uz) бор. Мижозларнинг саволларига жавоб бериш ва техник ёрдам кўрсатиш учун телеграм ёки телефон орқали ҳар куни 24 соат алоқадамиз!

— Стартапларни яратиш жараёнида ахборот технологияларининг ўрни?

— Стартап — бу янги, ривожланиш ва катта даромад олиб келиш потенциалига эга бизнес-модел. Ҳозирги кунда стартапларнинг кўпи IT-соҳага боғлиқ. Лекин бу соҳага боғлиқ бўлмаган бизнес-моделлар (масалан, янги асбоб ускуналар, кимёвий моддалар, қишлоқ хўжалик сохасида ва саноатдаги янги технологиялар) ҳам бозорни ўрганиш ва тахлил қилиш жараёнида, албатта, ахборот технологиялардан фойдаланишади.

— Хўш?..

— Бизнеснинг молиявий салоҳиятини баҳолаш учун ҳам ахборот технологиялари керак. Бизнесни ривожлантириш даврида маркетинг ва реклама жуда катта аҳамиятга эга.

— Айнан?..

— Мижозларни жалб қилиш учун энг асосий каналлардан бири — интернет-реклама ва ижтимоий тармоқлар. Булар ва умуман олганда, ахборот технологиялари бизга реклама қилиш учун аудиторияни саралаш, потенциал мижозга тўғридан-тўғри компания фаолияти ва хизматлари ҳақида маълумот етказиш ва рекламанинг таъсирини баҳолаш учун катта имконият яратади.

— Ўзбекистонда стартаплар бозори қай ҳолатда? Ютуқ ва камчиликларимиз...

— Стартап тушунчаси Ўзбекистонда нисбатан яқинда пайдо бўлди. Ривожланган давлатларда ҳар йили жуда кўп стартап лойиҳалар пайдо бўлади ва ривожланади. Менимча, стартаплар ривожланиши учун бир тарафдан, ишга чанқоқ, ақлли, таваккал қилишга ва бизнес билан шуғулланишга қобилиятли, ўзини аямасдан меҳнат қилишга шай ёшлар, иккинчи тарафдан, инфратузилма, яъни турли стартап акселераторлар, янги молиявий институтлар (венчур фондлар, crowdfunding), стартап тадбиркорлар ва инвесторларнинг муносабатларини тартибга солувчи ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимояловчи қонунлар керак.

— Сиз айтгандек ёшлар Ўзбекистонда борми?

— Биринчи компонент — қобилиятли ва меҳнатга чанқоқ ёшлар бизда бор деб ўйлайман. Инфратузилма ҳақида гапирсак — назаримда, бу компонент ҳали етарли даражада ривожланмаган. Лекин охирги йилларда бу йўналишда ҳам яхши тенденцияни кузатяпман. Масалан, «Стартап ташаббуслари» каби лойиҳалар, яқинда бўлиб ўтган «Глобал тадбиркорлик ҳафтаси» каби ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга йўналтилирган тадбирлар амал оляпти. Бундан ташқари, солиқ тизимининг ўзгариши, инвестицион кодекс ва венчур молиялаштириш ҳақидаги қонун ҳужжатлари устида олиб борилаётган ишлар стартап лойиҳаларининг кўпайишига ва уларнинг сифатига ўз таъсирини кўрсатишидан умид қиламан.

— Жаҳонда-чи?

— Жаҳон тажрибасини олсак, энг яхши мисол — Исроил мамлакати. У ерда ҳар йили минглаб стартап компаниялар фаолиятини бошлайди. Бунга сабаб — ахборот технологияларининг ривожланганлиги, йирик венчур фондлар ва тегишли қонунлар борлиги, стартапларга боғлиқ тадбирлар тез-тез ўтказилишидир. Умуман олганда, тараққий этган исталган мамлакатда стартаплар ривожланиши учун эшиклар доим очиқ.

— Стартап бошлаш учун молиявий имконият қанчалик муҳим?

— Стартапни ривожлантиришдан асосий мақсад — минимал молиявий ресурс билан катта даромад келтирувчи бизнес-моделни топиш. Оддий сўз билан айтганда, масалан, лойиҳага бошланишидан 1 млрд. долларни тикишга тайёр бўлсангиз — сиз стартап қидиришингиз ва яратишингиз шарт эмас. Бу маблағ билан тайёр ишлаётган бизнес-моделга қўшилишингиз ёки уни сотиб олишингиз мумкин. «Lean Start-up», яъни тежамкор стартап технологияси билан «Стартап ташаббуслари» лойиҳаси жараёнида танишганмиз. Технологиянинг асосий маъноси ўзингиздаги ғоя асосида гипотеза яратиш ва бу гипотезани текшириш, бизнес лойиҳанинг истиқболини баҳолаш.

— Ёшларга, умуман, стартап бошлаётган ҳар бир кишига маслаҳатларингиз.

— Агарда сизда ғоя борми, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчимисиз, меҳнат қилишга тайёрмисиз — ҳеч нарсадан қўрқмасдан ва шубҳаланмасдан жамоа тузинг! Лойиҳани олға суринг, турли тадбирларда иштирок этиб, янги билимларга, дўст ва танишларга эга бўлинг. Стартап лойиҳа ривожланиши натижасида икки вазиятга олиб бориши мумкин:

  • Стартап катта бизнесга ва сиз эса бой одамга айланиб кетасиз
  • Стартап компания ёпилади, сизда эса тажриба, билимлар ва янги танишлар қолади. Буларнинг барчаси янги стартап бошлашингизга имконият яратади.

Хуллас, стартап бошлаб озгина вақт ва маблағ йўқотишингиз мумкин, лекин бунинг эвазига катта даромад, тажриба, билим ва бизнес алоқаларга эга бўласиз!

— Келгуси режаларингиз?

— Сентябр ойидан бери катта ташкилотнинг йирик бўлимини бошқаряпман. Стратегияни тузиш, жамоани ташкил қилиш ва кадрларни ривожлантириш, ишни режалаштириш тажрибасини олмоқчиман. Бу тажриба «OylikUz» лойиҳасини ривожлантиришда, келажакда янги лойиҳаларда иштирок этишда, уларни бошқаришда керак бўлади, деб ўйламан. Менинг асосий мақсадим доим янги маълумотларни ўрганиш, янги билимларга эга бўлиш ва лойиҳаларни яратиш ва бошқариш учун керакли компетенцияларга эга бўлиш!

— Фойдали ва қизиқарли суҳбат учун ташаккур!

Ғуломжон Назаров суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг