Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Импорт бензин акцизини ошириш таклифига Антимонопол қўмита муносабат билдирди

Импорт бензин акцизини ошириш таклифига Антимонопол қўмита муносабат билдирди

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқларда «Ўзбекнефтегаз» АЖ томонидан маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга ошириш юзасидан билдирилган таклифи билан кенг муҳокама қилинмоқда.

Ушбу масала юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси муносабат билдирди:

Маълумки, нефть маҳсулотлари учун акциз солиғи деярли барча давлатларда қўлланилади.

Акциз солиғи – бу мамлакат ичида ишлаб чиқариладиган ва импортдан келтириладиган, одатда аниқ рўйҳатини белгилаган ҳолда, товарларга нисбатан тўланиладиган билвосита солиқ ҳисобланади.

Халқаро тажрибада ривожланган мамлакатларда акциз солиғи давлат бюджети учун даромад манбаи сифати кўрилади. Бунда, акциз солиғи товарнинг маҳаллий ёки импортдан келтирилганлигидан қатъий назар ягона ставкада белгиланади.

Шу билан бирга, акциз солиғини ҳар ҳил даражада белгилаш тажрибаси Белоруссия ва Қозоғистонда кузатилди. Бунда, истеъмочилар учун нархни ошишига йўл қўймаслик ва аксинча арзонлаштириш, ёки тадбиркорлик субъектларига тенг шароит яратиш нуқтаи назардан амалга оширилган. Масалан, Белоруссияда 28 февралдан 31 декабрга қадар маҳаллий бензин ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган бензинни реализация қилганда, акциз солиғи тўловчиларига 0,25 коэффициент миқдорида имтиёз қўлланилиши белгиланган. Яъни, истеъмолчилар манфаатлари устуворлигини таъминлаган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масадида импорт бензиннинг акцизини кўтармасдан, балки маҳаллий бензин учун акциз солиғига имтиёз қўлланилган.

Шунингдек, Қозоғистонда бозорда бензин дефицитини олдинин олиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бензин нархини арзон ушаш мақсадида аввал импорт бензин учун акциз солиғи маҳаллий бензинга нисбатан деярли уч баравар кам бўлган. Лекин, 2018 йилдан бошлаб бозор иштирокчиларига тенг шароит яратиш мақсадида акциз миқдори тенглаштирилди.

2020 йилга қадар «Ўзбекнефтегаз» АЖнинг нефтни қайта ишлаш корхоналарида бир қатор имтиёз ва преференциялар қўлланиб келинган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сон қарори билан берилган шарт-шароитлар шунинг жумласидандир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотиш бўйича тадбиркорлик субъектларга тенг шароитлар яратилди. Монопол корхона ҳисобланган Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари 2020 йилнинг май ойидан нархни шакллантириш бўйича қўлланиб келинган чекловлардан озод этилди. Эндиликда нархлар биржа савдоларида талаб ва таклифдан келиб чиқиб шакллана бошлади.

«Ўзбекнефтегаз» АЖ томонидан импорт нефт маҳсулотларининг акциз солиғини оширилиши бўйича Энергетика вазирлигига киритилган таклиф етарлича иқтисодий асослантирилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси соғлом рақобат муҳитининг таъминланиши ва истеъмолчилар манфаатларини кўзлаган ҳолда акциз солиғини оширилиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайди.

Шуни таъкидлаш жоизки, маҳсулотни импортига акциз солиғини белгилаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгаши томонидан кўриб чиқилиши лозим. Кенгаш мазкур масалани кўриб чиққан тақдирда, қўмита юқоридаги позицияси билан иштирок этади ва ҳимоя қилади, – дейилади муносабатда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг