Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фарғонада рашк туфайли кундошининг 9 ёшли қизини каналга ташлаб юборган аёлга ҳукм ўқилди

Фарғонада рашк туфайли кундошининг 9 ёшли қизини каналга ташлаб юборган аёлга ҳукм ўқилди

2021 йилнинг апрелида Фарғона вилояти Бувайда туманида кундошининг 9 ёшли қизини каналга ташлаб юборган аёл қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.

Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди раиси Ботир Мўминовнинг маълум қилишича, айбланувчига нисбатан ҳукм ўқилган. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 2021 йил 14 апрель куни Бувайда тумани Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига «Маслаҳат» маҳалла фуқаролар йиғини, Чиркай қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтган Ойимтарра каналига ёш қиз номаълум аёл томонидан уриб, ташлаб юборилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Аниқланишича, фуқаро М.Й. собиқ турмуш ўртоғи Б.Й.ни у билан шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган М.Ж.дан рашк қилган. Кундошидан ўч олиш мақсадида унинг 2012 йилда туғилган вояга етмаган қизи Ф.Ф.ни 14 апрель куни мактабдан алдаб олиб кетган. Уни йўловчи машинада Чиркай қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Ойимтарра канали яқинига олиб келиб, қасддан ўлдириш мақсадида бош соҳасига тош билан уриб, каналга ташлаб юборган.

Ушбу ҳолатни Бувайда туманида яшовчи Ш.Й. (2005 йилда туғилган) кўриб қолган ва Ф.Ф.ни каналдан қутқариб олган.

Ҳолат юзасидан Бувайда туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25, (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) 97-моддаси 2-қисми «в» (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўлдириш) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.Й.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Жиноят ишлари бўйича Бувайда тумани суди томонидан судланувчи М.Й.га 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг