Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Косонсойда фермер хўжалиги ишчилари калтакланди 

Косонсойда фермер хўжалиги ишчилари калтакланди 

Фото: Тергов департаменти

2021 йилнинг 17 март куни соат 12:30 ларда 24 ёшли Тоҳир Б., 34 ёшли Махмуд О. лар Наманган вилояти, Косонсой тумани Ўзбекистон МФЙ. ҳудудида жойлашган боғдорчиликка асосланган фермер хўжалигига келиб, ушбу хўжалик директори 55 ёшли Камол М. ҳамда ишчилар — 26 ёшли Муроджон Р., 34 ёшли Сардор Қ., 47 ёшли Алишер Х., 28 ёшли Жахонгир Х., 39 ёшли Араббой Т.ларни ҳеч бир сабабсиз уриб, уларга турли даражада тан жароҳатлари етказишади. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Қайд этилишича, фермер хўжалиги ишчиларига тегишли бўлган «Nexia-3», «Niva», «Hyundai», «Merсedes-benz» русумли автомашиналари, «Samsung» русумли эксковатор, фермер хўжалигининг дала шийпони ойналарини тош билан уриб шикастлаганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Косонсой туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Тоҳир Б. ва Махмуд О.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, ушбу фермер хўжалигининг директори Камол М.нинг олдига Ўзбекистон МФЙ.да яшовчи фуқаролар Дилфуза У. ва унинг синглиси Нигора У.лар келиб, гўёки маҳалладаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олаётганлигини рўкач қилиб, у билан низолашиб, бу ҳақида Ўзбекистон МФЙ.да яшовчи бошқа фуқароларга бориб айтиб, ўзлари билан 50-60 нафар аёл ва эркакларни фермер хўжалигининг ер майдонига бошлаб келишлари натижасида ушбу жиноят содир этилганлиги аниқланган.

Жиноят иши доирасида барча фуқароларнинг шахси аниқланиб, уларнинг ҳар бирининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши таъминланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг