Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ҳодиса юзасидан ТИВ маълумот берди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ҳодиса юзасидан ТИВ маълумот берди

Фото: Спутник

2020 йил 31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси «Чашма» участкасида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида маҳаллий даражадаги ҳодиса юз берди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Воқеа сабабларини икки томон расмий шахслари ўрганиши шуни кўрсатдики, «Чашма» булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан.

Ҳодиса натижасида икки томондан ҳам жабрланганлар бор. Уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди.

Икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг музокаралари натижасида вазият тўлиқ назоратга олинди. Томонлар бундан кейин олдиндан келишувсиз тозалаш ишларини олиб бормасликка келишиб олдилар.

Таъкидлаш жоизки, «Чашма» булоғи Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлайди. Ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув мавжуд.

2020 йил 1 июн куни соат 09.00да Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Ариповнинг Қирғизистон Республикаси ҳукумати раҳбари в.б. К.Боронов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегарада юзага келадиган муаммоларни дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида 2017 йил 6 октябрда имзоланган Чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим қоидаларига мувофиқ ҳал қилиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ҳукумат раҳбарлари яқин вақт ичида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ўзбекистон Республикасининг чегарадош вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди ҳудудларидаги ваколатли вакиллари Кенгашини ўтказишга келишиб олдилар.

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари биргаликда маҳаллий аҳоли билан ҳам учрашув ўтказди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг