Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хулқ-атвори учун онасини ўлдирган ўғил 8 йилга қамалди

Хулқ-атвори учун онасини ўлдирган ўғил 8 йилга қамалди

Фото: «Xabar.uz»

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи 51 ёшли онаси М.О.ни ахлоқсизлиги учун пичоқлаб ўлдирган 29 ёшли Н.Ҳ. 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди, дея хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди судьяси Бобораҳим Очиловнинг билдиришича, туманнинг «Бобур» маҳалласи, Гулобод кўчасида яшовчи, Н.Ҳ. онаси М.О. билан ўзаро келишмовчиликка борган. Тергов жараёнида аниқлик киритилишича, онасининг ахлоқсизлиги ва огоҳлантирувларга қарамай, уйига бегона эркакларни келтираверишда давом этавергани ўғилнинг ориятига теккан. Қиз сингилларининг тақдиридан хавотирда қолган йигит жаҳл отига минган ва ошхона пичоғи билан онасининг кўкрак қафасига икки маротаба уриб, унинг ўлимига сабабчи бўлган.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, қотиллик 2022 йилнинг 28 сентябрь куни содир бўлган. Н.Ҳ. га нисбатан иш бўйича Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган. Айбдорнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан суд-тергов  ўз ишини давом эттирган.

Суриштирувларга кўра, марҳума М.О.нинг 2 нафар эгиз қизлари ҳамда бир нафар ўғли бўлган.  М.О. бундан бир неча йил илгари ҳам ўз хонадонида фоҳишахона сақлаш айби билан жазоланган бўлишига қарамай, ўз хулқ-атворидан хулоса чиқармаган. М.О.нинг енгилтабиатли бўлиб кетганидан ор қилган турмуш ўртоғи Ш.Ҳ. ҳам фарзандлари кўчада қолмаслиги учун ўзи ўз хонадонидан бош олиб чиқиб кетган. Ўз ўрнида Н.Ҳ. ҳам Бухоро шаҳридаги автотранспорт воситалари пайвандлаш устахоналаридан бирида ишлаб, шу устахонада тунаб юрган.

Кунларнинг бирида Н.Ҳ.га онаси М.О. қўнғироқ орқали сингилларининг уй-рўзғор юмушларида кўмаклашмаётганидан шикоят қилган.

Н.Ҳ. синглиси З.ни тергаб қўйиш учун у билан телефон орқали боғланган. Синглиси эса онасининг кеча уйга бегона эркакларни олиб келгани, онасининг бу хатти-ҳаракатларидан безишаётгани, уларнинг еб-ичган қозон-товоғини ювишдан, уйларни йиғиштиришдан жирканишаётганини йиғлаб тушунтирган.

Шундан сўнг 28 сентябрь куни соат 19:05 ларда Н.Ҳ. яшаш уйига келган ва дарвозахонага кирибоқ,  онасининг юз ва бош қисмига бир неча маротаба қўлининг мушти билан уриб, тан жароҳати етказган.

«Мен онамнинг доимий равишда уйга бегона эркакларни олиб келиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, улар билан ишқий муносабатда бўлиб юрганидан кўп бор норозилигимни билдирганман. Унинг юриш-туриши оиламиз шаъни бўлган сингилларимнинг келажагига ҳам болта урмаслиги учун жуда кўп огоҳлантирганман. Дўсту-ёрлар, жўраларим ўртасида ғуруримни оёғости қилмаслигини, шундай давом этаверса, ўзимга жавоб беролмаслигимни такрор-такрор уқтирганман. Аммо, ким бўлса ҳам шу мени дунёга келтирган, шу мени туққан «онам»ку, деб ўзимни-ўзим овутиб келганман. Бугун эса барибир, унинг қотилига, ўз ҳаётимнинг ҳам қурбонига айландим. Мен онамни шу қўлларим билан ўлдирдим. Тан оламан. Иқрорман ва пушаймонман. ...Аммо, «Оналар оёғи остида жаннат» деган гапни ҳар гал кўзда ёш билан, армон билан тинглайман. Мен дунёга келиб, шундай онанинг фарзанди бўлолмадим...», — деган Ҳ.Н. судда.

Маълум бўлишича, Н.Ҳ. онаси М.О. билан яшаш хонадони дарвозахонаси олдида жанжаллашаётган вақтда тоғаси С.О. кириб келган. Воқеа ҳақида эшитиб, С.О. ҳам синглиси М.О.га қаттиқ танбеҳ берган, шунга қарамай, жиянини оғир, вазмин бўлишга, ўзини қўлга олишга чақирган. Н.Ҳ. эса тоғаси С.О.ни дарвозадан чиқариб, ҳайдаб юборган. Шундан сўнг онасини итариб юборган, ерга йиқилган она ўғлини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган. Ва ўрнидан туриб: «Сени ўлдираман!» — дея ўғлига қараб, пичоқ ўқталиб келган. Н.Ҳ. эса онасининг қўлидаги ошхона пичоғини юлқиб олиб, унинг чап ён кўкрак қафаси юрак қисми ва кўкрак қафаси орқа қисмига зарб билан қасддан урган.

Судьянинг сўзига кўра, онасининг қотили сифатида қора курсига ўтирган Н.Ҳ. ҳақида маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳам, маҳалла аҳли ва қўни-қўшнилар ҳам ижобий муносабат беришган. Меҳнаткаш, камсуқум эканини билдиришган.

«Онасининг ахлоқсиз турмуш тарзи оиласининг шаънига таъсир қилиши, сингилларининг эртанги ҳаётида раҳна солиши мумкинлигидан жаҳли чиқиб,  ўзини қилган ишини англамай қолган. Айбдор ўз қилган хатти-ҳаракатидан пушаймон бўлиб, оилавий шароити инобатга олиниши, ўзига нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўраб, кўрсатма берди», — дейди судья.

Суд дастлабки тергов органи томонидан Н.Ҳ.нинг жиноий ҳаракатларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддаси  (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисмини қўллаган.

Мазкур қотиллик юзасидан  «Xabar.uz» мухбири маҳалла вакили Лобар Шарипова билан телефон орқали суҳбатлашган.

«Қотиллик содир бўлишидан чамаси йигирма кунча илгари М.О. туман ободонлаштириш бўлимида фаолият юритиб келаётган турмуш ўртоғи билан ҳам жанжаллашиб қолган. Фарзандлари ҳолидан хабар олгани келган эр яна ҳовлидан чиқиб кетган. Жаҳл устида онасининг қотилига айланган ўғил эса маҳалламиздаги интизомли, оғир, босиқ йигитлардан эди. Меҳнаткаш бола эди, пайвандловчи бу йигит ёрдам сўраб келган қўни-қўшнилардан ҳечам ёрдамини аямасди. Отаси ҳам, ўзи ҳам ҳеч қачон биров билан келишмовчиликка ёки жанжалга бормаган», — дейди Лобар Шарипова.

Суд судланувчи Н.Ҳ.нинг айбига иқрорлигини, қотиллик марҳума М.О.нинг ахлоққа зид ҳаракатлари натижасида содир бўлганини, маҳалла-кўй, қўни-қўшниларнинг айбдорга нисбатан қонуний енгиллик бериш талаби билан чиқишганини инобатга олган.

Чуқур таҳлил ва ўрганувлардан сўнг Н.Ҳ. томонидан содир этилган жиноятда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55-моддаси (Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар) аниқланган ҳамда 56-моддаси (Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар) қайд этилган ҳолатлар мавжуд эмас,  деб топилган.

Н.Ҳ.га нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 03 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қароридаги раҳбарий кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда жазони оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи барча ҳолатлар инобатга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилган Н.Ҳ.га нисбатан адолатлилик принципи асосида Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилган ҳамда саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тайинланган жазони умумий колонияларда ўташи белгиланган.

«Адолат ва раҳм-шафқат принципини қўллаган суд органига миннатдорлик билдирамиз. Тўғри, маҳалладошимиз Н. қотиллик жиноятини содир этди. Аммо, қотилликни яратиб берган жирканч муҳит унинг йигирма йилдан ортиқ вақт панжара ортида умрини совуришига арзимайди. Зеро, у сингилларининг келажаги, ору-номуси, ўзининг эркаклик шаънидан доимо хавотирда яшаб келарди. Оғриқлиси, жўрам қотиллик содир этишидан бир неча кун олдин уйланаётганини, тўйга тайёргарлик кўраётганини айтган эди», — деди ўзини таништиришни истамаган Н.Ҳ.нинг маҳалладоши М.Р.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг