Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Avto 60 oy» МЧЖ раҳбарининг онасини «терговчилар 900 минг АҚШ доллари талаб қилгани»ни иддао қилмоқда

«Avto 60 oy» МЧЖ раҳбарининг онасини «терговчилар 900 минг АҚШ доллари талаб қилгани»ни иддао қилмоқда

Қатор жиноятларни содир қилганликда айбланиб, қамоққа олинган «Avto 60 oy» МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодировнинг онаси Малоҳат Зокирова тергов жараёнида фарзандига тазйиқ ўтказилганини иддао қилди. Бу ҳақда мазкур МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари юзасидан матбуот анжуманида иштирок этган «Daryo» мухбири хабар берган.

Мазкур тадбирда иштирок этган Малоҳат Зокировага кўра: «...Ўғлимни менга (ҳисбхонадан) ёзган хатида ёзилишича, 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси (уни) «Тоштурма»дан олиб келишган. Ўшанда тазйиқ ўтказишган. Терговга наркологиядан ҳам одам олиб келишган. Наркотик модда чектиришди, овқатимга солиб, мажбурлаб едиришди ва айбимга иқрорлик хатини ёздириб олишди, деб ёзди болам. Бу жараёнда Алишер «опер» ва Фарҳод Эргашев бўлган. Алишер «опер» ўғлимдан 900 минг доллар талаб қилган. «900 минг доллар берсанг, сени суддан чиқариб юборамиз. Пулни фалончи, фалончиларга берамиз», деган. Ўғлим шу гапларни 2—3 варақ хатида ўзидан ўзи ёзмаса керак? Лекин бу бўйича оддий текширув бўлди, тезда ёпилиб кетди. Биз оддий камбағал фуқаролар қолиб кетаверамиз. Straus House’дан ҳам 1 миллион доллар сўрашган экан. У бола ҳам бўлмаган гапни айтмаса керак...»

Бунга жавобан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бўлим бошлиғи Азизбек Долихўжаев шундай дейди: «...Жамшид Баҳодиров билан боғлиқ тергов ҳаракатлари икки, учта ҳимоячилар иштирокида ўтган. Қолаверса, ҳозир ҳар бир тергов хоналарида кузатув камералари мавжуд. Ўғлингиз вақтинча сақланаётган ҳисбхонада ҳам камералар ўрнатилган. Улар 24 соат тўхтовсиз ишлайди. Сизнинг мурожаатингиз бўйича хизмат текшируви ўтказилган ва ўз тасдиғини топмаганлиги боис қаноатлантириш рад қилинган».

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Жиноят иши қачон судга оиширилиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг