Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жазони ижро этиш ва пробация тизими. Буюк Британия тажрибаси ўрганилди

Жазони ижро этиш ва пробация тизими. Буюк Британия тажрибаси ўрганилди

Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жазони ижро этиш ва пробация тизими фаолиятини ташкил этиш борасида Буюк Британия тажрибасини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибияти вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг (жами 4 киши) мазкур мамлакатга ташрифи амалга оширилди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, ташриф Халқаро пенал ислоҳотлар (Penal Reform International) ташкилоти Марказий Осиёдаги минтақавий вакиллиги кўмагида ташкил этилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси иштирокида 8 та расмий тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, Халқаро пенал ислоҳотлар (PRI) ташкилоти Бош офисида ушбу ташкилот ижрочи директори ва бош офис вакиллари билан, Буюк Британия Адлия вазирлигида вазирликнинг Пробация хизмати ва Жиноий-ижроия тизими раҳбарияти ва вакиллари билан, Буюк Британия Парламентида Лордлар Палатаси аъзоси, Халқаро пенал ислоҳотлар (PRI) ташкилоти Фахрий Президенти билан учрашувлар ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Кент миллий пробация хизматига (National Probation Service Kent), Ижтимоий реабилитация марказига (Community Rehabilitation Center), Bullingdon турмасига ташриф буюришди ва ушбу идоралар фаолияти билан бевосита таништирилди.

Ўтказилган барча учрашувларда тадбир қатнашчиларига Ўзбекистон делегацияси вакиллари томонидан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш, жазони ижро этиш ва пробация тизими фаолиятини самарали ташкил этиш борасида амалга ислоҳотлар натижалари батафсил тушунтирилди. Тадбир қатнашчиларининг саволларига тўлақонли жавоблар берилди.

Буюк Британия Парламентида ўтказилган учрашув якунида Ўзбекистон делегацияси вакиллари – Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Сайдалиев, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари С.Ҳамидуллаев, Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати бошлиғи ўринбосари И.Фозилов Марказий Осиё давлатларида пенал ислоҳотлар ривожига қўшган ҳиссаси учун Халқаро пенал ислоҳотлар (PRI) ташкилоти Марказий Осиёдаги минтақавий вакиллигининг биринчи юбилей медали билан тақдирланди.

Медалларни Буюк Британия Парламенти Лордлар Палатаси аъзоси, Халқаро пенал ислоҳотлар (PRI) ташкилоти Фахрий Президенти Баронесса Вивьен Стерн ва ташкилотнинг Марказий Осиёдаги минтақавий вакиллиги директори А.Шамбилов тантанали равишда топширди.

Ташриф якунлари бўйича Буюк Британиянинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда, миллий жазони ижро этиш ва пробация тизими фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар тайёрланиб, мутасадди идораларга ўрнатилган тартибда киритилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг