Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Масаланинг у томони ҳам кўриляпти, бу томони ҳам...» - Бош прокуратура ёш болаларини қийнаган отага оид хабарларга муносабат билдирди

«Масаланинг у томони ҳам кўриляпти, бу томони ҳам...» -  Бош прокуратура ёш болаларини қийнаган отага оид хабарларга муносабат билдирди

Жиззахда 2 яшар ўғлини ҳашаротларни ўлдирувчи восита билан заҳарлаб, хотинининг биринчи турмушидан бўлган 8 ёшли болани  мунтазам калтаклаб келган шахс ҳақида хабарлар чиққанди. Орадан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда ўша  отага нисбатан  ИИБ ходимлари томонидан  жисмоний куч ишлатгани хусусида хабарлар ёйилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳар икки ҳолат юзасидан «Xabar.uz» саволларига жавоб берар экан, Наманганнинг Чуст туманида доимий рўйхатдан ўтиб, Жиззахнинг Форишида деҳқончилик билан шуғулланган М. И.нинг (40 ёшда) вояга етмаган болаларга нисбатан қилган жоҳилона хатти-ҳаракатлар  тасдиғини топганини қайд этди. Хусусан, 2 ёшли М.М.ни ҳашаротларга қарши қўлланиладиган «нурель» кимёвий воситасидан заҳарлангани рост. Зеро, терговга қадар текширув жараёнида икки яшар болада мустақил равишда кимёвий восита сақланаётган идишни очиб, ундаги суюқликни ичиш имконияти йўқлиги аниқлаган. Эскпертиза хулосасида боланинг заҳарланиш ҳолати ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатига тенглаштирилган.

Бундан ташқари М.И. 8 яшар ўгай ўғлини йиллар давомида муттасил қийнаб, дўппослаб келгани ҳам рост бўлиб чиқди. У болани ичиб, маст бўлган пайда уриб келгани айтилади ҳужжатларда. Гоҳ ухлаб ётганда ўйғотиб, жисмоний куч ишлатган бўлса, гоҳ йўқ жойдан баҳона топиб калтаклаб келган. Бир неча ой бурун эса у болани ўзлари вақтинча истиқомат қилиб келган чайлада, кечки овқат пайтида сўкиб, ҳақоратлаб, устига қайнаб турган сув сепиб юборган. Вояга етмаган боланинг банданидаги куйган излар шунга далолат қилади.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, шахсан  Фориш туман прокурори  М. И. га нисбатан Жиноят кодексининг 110-модда (вояга етмаган шахсни қийнаш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатди. Мазкур модда билан айбдор деб топилган шахс уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолананиши мумкин.

Бу энди суд ваколатидаги масала.  Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 - Энди айбланувчига нисбатан жисмоний куч қўлланганига оид ижтимоий тармоқларда тақалган хабарларга келсак. Бундай хабарлар айбланувчининг яқинлари томонидан тарқатилгани эҳтимоли юқори. Бироқ ким тарқатган ёки айбланувчи ким бўлмасин, унинг муайян ҳуқуқлари бор. Шу боис тармоқда тарқалган хабарлар тегишли тартибда ўрганиляпти. Бошқача бўлиши мумкин эмас, - деди кунлик ахборотларга изоҳ ва жавоб беравериб-беравериб, чарчоқдан яхшигина «суроби тортилган»  Ҳаёт Шамсутдинов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг