Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Монополияга қарши қўмита: Рекламани ўзбек тилида қўй деб буйруқ беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Монополияга қарши қўмита: Рекламани ўзбек тилида қўй деб буйруқ беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз ҳудудида реклама соҳасининг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқлар яратилишини таъминлаш, ташқи рекламани жойлаштиришнинг қонуний тартиблари, рекламани кўча ва йўллар қатнов қисми узра жойлаштиришда хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилиниши масалалари муҳокама қилинди.

Журналистлар билан мулоқот давомида 2018 йилда жойлаштирилган ташқи рекламаларнинг неча фоизи ўзбек тилида, неча фоизи бошқа тилларда бўлгани ҳақида савол берилди.

«1998 йилда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги қонунни ҳеч ким бекор қилгани йўқ, — деди Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов. — Ушбу қонуннинг 5-моддасида рекламага қўйилган талаб кўрсатиб ўтилган. Яъни, реклама берувчининг хоҳишига кўра у хоҳлаган тилда бўлиши мумкин. Реклама агентлиги ёки реклама берувчига рекламани ўзбек тилида қўй деб буйруқ беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу қонунда аниқ белгилаб қўйилган».

Қўмита вакили «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири муҳокама учун Regulation.uz сайтига рус ва ўзбек тилларида қўйилгани, лекин кўпчилик томонидан фикр билдирилмаганини танқид қилди.

«Қонуннинг янги таҳрири жамоатчилик муҳокамасига қўйилганига қарийб бир ой бўлган бўлса-да, ҳозирга қадар бор-йўғи 12 та шарҳ ёзиб қолдирилган, холос, — деди Дилшод Азимов. — Биз мингдан ортиқ муносабат билдирилса керак, деб ўйлагандик».

Мазкур қонун лойиҳасида қўшимча ва ўзгаришлар назарда тутилгани, жумладан, энди ОАВ қайси тилда фаолият юритса, ўша тилда реклама бериш ҳуқуқи кафолатланиши маълум қилинди.

«Шу қонунда биз янги норма киритяпмиз, энди реклама ўзбек тилида бўлади. Реклама берувчининг хоҳишига кўра қўшимча равишда бошқа тилда дубляж қилиниши мумкин, — деди Азимов. — Оммавий ахборот воситаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида рўйхатдан ўтаётганда қайси тилда фаолият юритиши белгиланган бўлса, ўша тилда реклама бериш ҳуқуқига эга бўлади. Агар, дейлик бирор радиоканал қозоқ тилида эфир олиб борса, қозоқ тилида реклама беришга ҳақли бўлади».

Маълумот: «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилган янги таҳрири муҳокамаси эртага, 27 июнь куни якунланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг