Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Огоҳ бўлинг, кўчаларда марихуана тарғиботи

Огоҳ бўлинг, кўчаларда марихуана тарғиботи

Фото: «Street law»

Биз борган сари «тақвим одам»га ўхшаб қоляпмиз. Айнан тақвимда белгиланган сана бўйича тарғибот лойиҳалари, семинарлар ташкил этамиз.

Айнан 26 июн куни гиёҳвандликка қарши тарғиботлар ўтказамиз, ОАВ ўша куни гиёҳвандликка қарши кўрсатув ва видеороликлар билан «қизиқади», халқаро брифинг, элчилар гувоҳлигида тонналаб заҳриқотил йўқ қилинади. Савол туғилади.

Амударёнинг нариги томонида тонналаб оғу етиштирилаётган, Ўзбекистон халқаро наркотрафик йўналишлар устида жойлашган бир пайтда, жамиятимиз айниқса ёшларни наркотик ва гиёҳвандлик воситалари тарғиботидан ҳимоя қилишда ҳуқуқий асосларимиз етарлими?

Биз фақат 26-июнь куни гиёҳвандликка қарши курашаётган бир пайтда, қолган 364 кун кўча ва бозорларимизда гиёҳвандлик воситалари рекламаси очиқчасига давом этмаяптими?

Сиз бу кийимларни ҳар куни кўчаларда, бозорларда кўргансиз. Эҳтимол кийиб ҳам юргандирсиз. Бу наркобаронлар буюртмаси, машҳур дизайнерларнинг инновацион тарғибот маҳсули. Бугун айнан шу билан четдан туриб марихуана баргларини хоҳлаган усулда тарғиб этмоқда. Ишонмасангиз, Google ёки Yandex халқаро қидирув порталига мурожаат қилинг.

Бутун дунёда бу каби гиёҳвандликни яширин тарғиб этувчи махфий ахборот хуружларига қарши курашнинг ҳуқуқий асослари кафолатланмоқда. Мисол учун, Россия Федерацияси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексининг 6.13-моддасига кўра наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлар, наркотик ўсимликлар рекламаси учун 400 мингдан -500 минг рублгача (5.480.000-6.850.000 сўм), ён қўшнимиз Қозоғистонда эса 400.000 тенге (9.100.000 сўм) миқдорда жаримага сабаб бўлади.

Биздачи? Гиёҳвандлик моддалар рекламаси ва воситалари (кийим-бош, ўйин, сувинер ва бошқалар)учун жавобгарлик белгиланганми? Афсуски йўқ.

Фақатгина, Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддасида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг номи, товар белгиси туширилган товарларни (футбол майкалари, бош кийимлар, ўйинлар ва бошқа шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш) таъқиқланган.

Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг 56-моддасида эса гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни оз миқдорда ғайриқонуний равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун жавобгарлик белгиланган.


Ваҳоланки, гиёҳвандлик воситалари инсон саломатлиги, жамият генофонди учун тамаки ва алкогол маҳсулотларидан кўра зарарли ва ўта хавфли ҳисобланади.

Шундай экан, «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармон ижроси бўйича ёшларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий механизмларини ўргатиш, зарур ҳолларда амалий таклифлар бериш мақсадида ҳуқуқшуносликка ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари талабалари, юридик коллежлар ўқувчилари ва нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат кўнгиллилар (волонтер)дан ташкил топган «Street law» (Кўча ҳуқуқи — оддий ҳуқуқ) гуруҳи томонидан таклиф этилади:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси «Реклама тўғрисида»ги Қонунига «Гиёҳвандлик ва гиёҳвандлик ўсимликлари, гиёҳвандликни тарғиб этувчи воситалар рекламаси» моддасини киритиш.

Унга кўра:

Гиёҳвандлик, гиёҳвандлик ўсимликлари, воситалари номи, товар белгиси ёҳуд тасвиридан фойдаланадиган тадбирларга ҳомийлик қилиш;

Гиёҳвандлик, гиёҳвандлик маҳсулотлари, ўсимликлари ва белгиси туширилган товарларни (кийим-бош, сувинерлар, ўйинлар ва бошқа шу кабиларни) тарқатиш, реклама қилиш, шу жумладан сотиш;

Жамоат жойларида ҳамда бошқа жойларида гиёҳвандлик, гиёҳвандлик воситалари номи, товар белгиси ёҳуд тасвирлари, номларини ва улар ҳақидаги бошқа ахборотни ўрнатишни таъқиқлаш;

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексига «Гиёҳвандлик ва гиёҳвандлик ўсимликлари, уни тарғиб этувчи воситалар рекламаси учун жавобгарлик» моддаси киритилса;

Учинчидан: Гиёҳвандлик ва гиёҳвандлик воситаларига қарши мамлакатимизда йилда икки марта ўтказилаётган «Қора дори» махсус операциясидан ташқари, доимий равишда жамоат жойларида гиёҳвандлик, гиёҳвандлик воситалари номи, товар белгиси ёҳуд тасвирлари туширилган маҳсулотларга қарши «Яширин оғу» рейдлари ташкил этилса;

Шундагина, ёшларимизни наркооламнинг яширин тарғиботи, «оммавий маданият»нинг зарарли тегирмонига сув қуйишдан сақлаб қоламиз.

Ҳатто марказий телевидениеларда ёзги оромгоҳ, кечки сайрлар, бозорлар билан боғлиқ лавҳаларда айнан марихуана белгиси туширилган кадрлардан эҳтиёт бўламиз.

Кўчалар бу-жамият ойнаси. Агар лоқайд бўлмасак, сергак бўлсак, бу кўчалар бизга жамиятдаги «пульс» ҳақида холис хабар бериб тураверади.

«Street law» тарғибот гуруҳи
Навоий вилояти

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг