Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўктам Барноев яна судга келмади

Ўктам Барноев яна судга келмади

Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев.

Фото: Xabar.uz

Қарши туманида пахта етиштириш кластери билан шуғулланувчи «Sulton Tex Group» хусусий корхонаси Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевлар устидан Қибрай туман маъмурий судига мурожаат қилгани хабари берилганди. 

Шу йилнинг 9 июль кунига белгиланган дастлабки суд мажлисига жавобгарларнинг ҳеч бири келмагани сабаб суд 16 июлга қолдирилганидан ҳам хабардорсиз.

Бугунга белгиланган суд мажлиси, ниҳоят бўлиб ўтди. Манбамизга кўра, унда жавобгар томонлардан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари иштирок этиб, ариза бўйича ўз нуқтаи назарларини билдириши баробарида, берилган саволларга жавоб қайтаришган.

Суд мажлисида прокурор, Бизнес-омбудсман вакили ҳозир бўлгани айтилмоқда. Бироқ бу – суд мажлиси ниҳоясига етганини англатмайди.

Гап шундаки, чақиртирилганига қарамай, Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев (ёки унинг қонуний вакили) келмагани сабаб суд муҳокамаси 23 июль куни соат 11.00 га қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Қарши туманидаги «Sulton Tex Group» хусусий корхонаси Қибрай туман маъмурий судига Пахта-тўқимачилик кластерлар фаолияти ва салоҳиятини баҳолаш бўйича Республика ишчи гуруҳининг (ишчи гуруҳига Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев раҳбарлик қилади) хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топишни сўраб мурожаат қилган.

Аввалроқ Қарши туман маъмурий суди Қарши туман ҳокими ва ҳокимлик мансабдор шахсларига «Sulton Tex Group» хусусий корхонаси кластер фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уриниши тақиқлаб қўйилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг