Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олмазор тумани ҳокими ўринбосари «оппоқ»қа чиқарилди. Бош прокуратура нима деркин?

Олмазор тумани ҳокими ўринбосари «оппоқ»қа чиқарилди. Бош прокуратура нима деркин?

Фото: Xabar.uz

Кечадан буён Олмазор туман ҳокими ўринбосари А. Ваҳобовнинг Kun.uz сайти журналистларига нисбатан қилган тажовузона хатти-ҳаракатидан жиноят аломатларини тополмаган, шунингдек, шу амалдорнинг мазкур сайт ходимини оммавий ахборот воситаси орқали оғир жиноятда айблагани хусусида «миқ» этилмаган Тошкент шаҳар прокуратурасининг қарори кенг муҳокама этилаётир.

Бунақаси аввал бўлмаган рости. Тошкент шаҳар прокуратурасининг қарорига нисбатан шунақа кўп саволлар ёғиляптики, ушбу иш билан шуғулланган терговчи қисқа вақтда бунчалар машҳур бўлишини хаёлига келтирмаган бўлса керак. Унинг қарорини қонуний деб тасдиқлаган шаҳар прокурори ўринбосари ҳам. Туман ҳокими муовинининг-ку, асосан иккита - бирида мўмин-қобил ҳолда интервью бераётган, яна бирида «еб қўйгудек» ҳолати акс этган суратлари билан «безамаган» сайт қолмади, ҳисоб.

Албатта, жамоатчилик, айниқса, зиёли қатламнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлган айни ҳолат шундоғича қолиб кетмаслиги керак. Энди ҳамма гап Бош прокуратурада қолган. Фақат Бош прокуратурагина қуйи маҳкама чиқарган қарорнинг қонунийлигини текшириб, ё бекор қилади ёки маъқуллайди. Бунинг учун муайян вақт талаб қилиниши тушунарли. Бироқ шу-унча шов-шувларга қарамай кечадан буён Бош прокуратура вазият бўйича икки оғиз изоҳ бергани йўқ. Маҳкама матбуот хизмати билан боғланиб, саволларимизга мавҳум жавоб олдик, холос: «Янгилик бўлса, хабар қиламиз».

Кутяпмиз, Ҳаёт Неъматович!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг