Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Прописканинг яна ёпилиши» билан боғлиқ гап-сўзларга ойдинлик киритилди

«Прописканинг яна ёпилиши» билан боғлиқ гап-сўзларга ойдинлик киритилди

Фото:«Xabar.uz»

«Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун билан пропискага оид кўплаб чекловлар бекор қилинган эди.

Жумладан, эндиликда доимий яшаш жойидан қатъий назар Тошкентда иккиламчи бозордан ҳам уй олиш имкони ва бошқа енгилликлар берилди. 

Сўнгги вақтларда аҳоли орасида «Прописка яқинда яна ёпиларкан, очилгани маълум муддат амал қилинадиган акция экан» деган гап-сўзлар тарқалди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими миш-мишлар тарқалгани юзасидан изоҳ берди.

Биринчидан, Президент Фармонлари билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслиги белгиланди.

Шунга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кўчмас мулк сотиб олиш учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги шарти бутунлай бекор бўлган.

Иккинчидан, 2020 йил 21 майдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бирламчи бозордан янги қурилган уй-жой сотиб олишда шартнома суммасининг 5 фоизи миқдорида давлат божи тўлаш тартиби бекор бўлди.

Учинчидан, «Тошкент шаҳрида прописка ёпилиши ёки очилиши» масаласига кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Тўртинчидан, бугунги кунда Республикамиз ҳудудида 818 нафар нотариуслар фаолият кўрсатаётган бўлиб, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун фуқаролар исталган нотариусга мурожаат қилиши мумкинлиги, фақатгина Тошкент шаҳридаги нотариуслар Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириши мумкин деган фикрдан йироқ бўлиши лозимлиги маълум қилинади.

Прописка тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ ишлар дастлаб президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномаси сабаб бошланганди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг