Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Собиқ судья ва суд ходимларига оид жиноят иши бўйича расмий баёнот берилди

Собиқ судья ва суд ходимларига оид жиноят иши бўйича расмий баёнот берилди

Бир неча ой муқаддам қатор босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида пойтахт маъмурий судларининг айрим судья ва суд ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганига оид хабарлар тарқалганди. Судьялар олий кенгаши томонидан терговга таъсир этиши эҳтимолидан келиб чиқиб, ўша пайтда уларга изоҳ ёки муносабат билдириш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган эди.

Бугун Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида маълум қиладики, жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида собиқ судьялар, суд ходимлари ва бошқа судланувчиларга нисбатан ҳукм ўқилди.

Жиноят иши доирасида 13 нафар шахс судланувчи сифатида жалб этилган бўлиб, уларнинг 3 нафари собиқ судья, 3 нафари собиқ судья ёрдамчилари, 7 нафари Тошкент шаҳар ИИББ ЙХҲБ собиқ ходимларидир.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а,в» бандлари (жуда кўп миқдордаги ўзганинг мулкини уюшган гуруҳ томонидан ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси 2-қисмининг «а,б» бандлари (мансаб сохтакорлиги) ва 227-моддаси 2-қисмининг «а» банди ( ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан айбли деб топилди ва тегишли жазолар тайинланди.

Ҳукм чиқаришда дастлабки тергов даврида аниқланган 3 353 456 647 сўм зарардан 2 991 456 647 сўм қоплангани эътиборга олинган (аввал тарқатилган хабарларда зарар миқдори 8 млрд. сўмдан кўп эканига урғу берилган).

Айни пайтда судланувчиларнинг шахси ва жиноят иши тафсилотлари очиқланиши мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, ҳукм қонуний кучга кирмаган. Қонуний кучга кирмаган ҳукм бўйича судланувчиларнинг шахси ва иш тафсилотларини очиқлаш айбсизлик презумпцияси тамойилига зид ҳисобланади. Ҳукмга нисбатан судланувчилар томонидан апеллация шикояти берилган.

Пировардида, Кенгаш матбуот хизмати ушбу собиқ судьялар фаолияти (жиноят иши қўзғатилишига қадар) ўрганилиб, йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун Судьялар олий кенгаши томонидан вазифасидан озод этилганини алоҳида қайд этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг